Тупроқ эритмаси - тупроқнинг суюқ таркибий қисми; унда минерал ва органик моддалар эриган ҳолда бўлади. Тупроқ эритмасининг тупроқ намланганлик даражасига қараб капиляр, гравитацион ва пардасимон шакллари мавжуд. Тупроқ эритмаси жуда ўзгарувчан бўлиб, у ўсимликлар озиқланишида ва тупроқ моддаларнинг айланишида, тупроқ ҳосил бўлиш жараёнида, физик-кимёвий, биокимёвий реаксияларнинг боришида иштирок этади. Тупроқ эритмасида ўсимликлар учун зарур озиқ моддалар (аммонийли тузлар, нитратлар, шунингдек, фосфор, калий, калций, магний ва бошқа элементларнинг сувда эрувчи тузлари), газлар (О2, СО2, Н, НҲ3) ва органик моддалар мавжуд. Тупроқ эритмасида тузларнинг кўп бўлиши унинг осмотик босимини ошириб, ўсимликнинг тупроқдан нам ва озиқ моддаларни шимишини қийинлаштиради ва физиологик чанқоқликка сабаб бўлади. Тупроқ эритмасининг реаксияси унинг энг муҳим хусусиятидир. Агар тупроқ муҳити жуда нордон ёки ишқорли бўлса, экинларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир этади. (Қаранг: Тупроқ нордонлиги).

Манбалар