Турғар — Суғд (Самарқанд) ҳукмдори (738—750). Ғуракнннт ўғли. Унинг исми ўзи зарб қилдирган тангаларда тwрй’р ("Турғар"), хитой йилномаларида Дуге (Тоуҳо), араб манбаларида Турхар ёки Язид шаклларида қайд этилади. Шунингдек, у араб манбаларида "алМухтор" ("Танланган") лақаби билан ҳам зикр этилади. Т. отаси ўрнига арабларга вассал сифатида 738 йилда Самарқанд тахтига ўтирган ва мусулмонча Язид исмини олган. Бу пайтгача у Иштихон ҳокими бўлган, Жумладан, Таншу номли хитой йилномасида Кан (Суғд) ҳукмдори Улега (Ғурак)нинг 731 йил Дуге исмли ўғлини Сао (Иштихон) шаҳрига, Мочжо исмли 2ўғлини Ми (Маймурғ) шаҳрига ҳоким этиб тайинланганлиги ва унинг отасининг ўлимидан сўнг Самарқанд ҳукмдори бўлганлиги қайд этилади.

Т.нинг ёшлик йиллари араб босқинлари ва уларга қарши отаси Ғуракнинг олиб борган курашлари даврига тўғри келган. У арабларнинг вассали сифатида Суғд ихшиди бўлиб турган даврда ҳам арабларга қарши зимдан кураш олиб борган. Хусусан, унинг 740, 750 йилларда Хитойга элчилар юборганлиги маълум.

Т.нинг авлодлари ҳадисшунос олимлар бўлиб, атТуркий анНасафий нисбаси билан ижод қилишган. Жумладан, улар орасида Абу Ахмад Толиб ибн Али ибн алҲасан ибн Турхар ашШиракасий анНасафий (вафоти 900 й.) ва 10—11аларда яшаган Абу Ишоқ Иброхим ибн Абу Али Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Амр ибн Солиҳ ибн Турхар анНасафий атТурхарий каби насафлик ҳадисшунослар учрайди.