Turkestanskiye vedomosti
„ТУРКЕСТАНСКИЕ ВЕДОМОСТИ“ („Туркистон ведомостлари“) — Туркистондаги илк даврий матбуот, рус истилочилари томонидан ташкил этилган дастлабки газета. Амалда беш йил давомида рўзномага Туркистон генерал губернатори фон Кауфман муҳаррирлик қилган. 1870-йил 28-апрел (10-май)дан Тошкентда (1872-йил июл — 1873-йил февралда Петербургда) рус тилида нашр қилинган. Дастлаб газета бир маромда чиқмаган. 1870-йилда фақат 17 та сони чоп этилган. Кейинги йилдан бошлаб ҳафтасига 1 марта, 1903-йилдан ойига 3—4 марта, 1907-йилдан кундалик газ. сифатида чиқа бошлаган. Газетанинг 6406 сони босилган. „Туркестанские ведомости“ фаолиятига бевосита генерал губернатор хизматидаги ҳарбийлар раҳбарлик қилишган. Пиёда қўшинлар офицери Н. А. Маев 1892-йилга қадар (1-102-сонлари) муҳаррир бўлган.
Мавзуси
„Туркестанские ведомости“ подшо Россияси ҳукуматининг Туркистондаги мавқеини мустаҳкамлашга, ўлкада чоризм сиёсатини ўтказишга, маҳаллий аҳолини чор ҳукмдорлари ва амалдорларига итоатгўйлик руҳида тарбиялашга хизмат қилган. Газ.да, асосан, Туркистон генералгубернаторлигининг буйрук ва фармонлари, турли хил расмий маълумотлар босилган. Шунингдек, ўлка тарихи, хўжалиги, табиати ва бу ерда яшовчи халкларнинг этнографияси, фолклори, адабиёти, урфодатларига доир қизиқарли материаллар ҳам бериб борилган. Мазкур материаллар ўлка халқ хўжалиги ва маданияти тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Газетада ўлка ҳаётининг барча жабҳаларини ёритувчи „Ички хабарлар“, „Хабар ва янгиликлар“, „Маҳаллий хроника“, „Санкт-Петербург“ бўлимлари фаолият кўрсатган.
Тарихи
„Туркестанские ведомости“да В. В. Бартолд, Л. С. Берг (1876—1950), Н. А. Северсев (1827— 85), А. Н. Федченко (1844—73), И. В. Мушкетов (1850—1902), В. Ф. Ошанин (1844—1917) каби машҳур олимлар, шарқшунослар ҳамкорлик қилишган. Мазкур олимларнинг фаол иштирокида газетанинг публицистик руҳи кучайган. Газетада маҳаллий халқ вакиллари ҳам иштирок этган. Жумладан, Сатторхон Абдуғаффоровнинг Қўқон хонлигидаги аҳвол хусусидаги очерки газета мухлисларини жалб этган. Газ. ўлка ҳаётидаги кўплаб салбий ҳолатларни кўрсатмасликка ҳаракат қилган.
Газетанинг Москва, Петербург, Владивосток ва бошқа шаҳарларда доимий мухбирлари бўлган. Дастлаб „Туркистон вилоятининг газети“ ушбу газ.га илова тарзида чиқарилган. Газ. фаолияти Туркистон ХКС нинг 1917-йил 15 декабр даги қарорига мувофиқ тўхтатилган (сўнгги сони 1917-йил 15 декабрда босилган). Дастлабки даврда газета 100 нусха, 1909-йилдан эса 853 нусхадан иборат бўлган. Газетанинг тиражи 1000-2500 нусхани ташкил этган[1].
Нархи (80 тийин) арзонлигига қарамай, бу газета Исмоил Гаспринскийнинг анча қимматроқ нашри бўлган „Таржимон“ (нархи 3 рубл) билан рақобатлаша олмаган. Туркистон генерал-губернаторлиги идораси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, газетанинг оммабоп бўлмаслигига қуйидагилар киради: жуда кўп расмий буйруқ ва фармонлар, қуруқ маълумотлар, ҳаётдан йироқ хабарлар, кўп сонли атамалар ва матнни тушунишни қийинлаштирадиган араб ёки форс сўзларини қўллаш.
1895-йилда доимий ёки вақти-вақти билан фаолият юритувчи муаллифлар сони 290 тани ташкил этди. Улар амалдорлар, олимлар, шифокорлар, ўқитувчилар, аскарлар, топографлар, муҳандислар, агрономлар, кузатувчилар ва бошқалар бўлган.
Охирги сони 1917-йил декабр ойида, ўша пайтда „Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Советининг органи“ сифатида нашр этилган[2].
Манбалар
- ↑ История Ташкента (Wайбаcк Мачине сайтида 2007-09-27 санасида архивланган)
- ↑ Российская националная библиотека (рус.)
Адабиётлар
- Авшарова М. Н., 18701917-йилларда Туркистон рус вақтли матбуоти, Т., 1959;
- Эрназаров Т. Э.,Туркистондавақтли матбуот (18701924), Т., 1959;
- Эрназаров Т. Э., Акбаров А. И., История печати Туркестана, Т., 1976;
- Абдуазизова Н., Туркистон матбуоти тарихи (1870—1917), Т., 2000.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |