Турки Жанди гузари – Бухорода жойлашган гузар. Гузар ҳудудида Турки Жанди мақбараси ва мозори бўлганлиги сабабли шундай номланган. ХВ асрда ёзилган „Тарихи муллазода“ асарида ёзилишича, мақбара Абу Наср Аҳмад ибн Фазл ибн Мусо ал-Музаккир ал-Жандийга тегишлидир. Мазкур мақбара ва қабристонда кўплаб уламолар ва олимлар дафн қилинган[1]. Гузар Тайи пушта деб ҳам номланган. Гузарнинг аҳолиси оз бўлган ва Амонбой ва Оби равон гузарлари қўшилиб кетган. Турки Жанди гузарида савдо расталари, бир томони ёпиқ шаклдаги дўконлар, савзабот расталари, чойхона мавжуд бўлган. Бундан ташқари гузарда масжид ва мақбара ҳам бўлган. Ривоятларга кўра, гузар ҳудудида одамлар секинлик билан отдан тушиб, пиёда ҳаракатланишган, агар отдан тушмасдан ҳаракатланишса, йўлда қоқилиб бирор кўнгилсизликка учраганлар[2]. Ривоятларга кўра, Тоҳири Хўжандий асли хўжандлик бўлиб, у Бухорога келиб, Исмоил Сомонийга ва авлодларига вазирлик қилган. Туркча гаплашганлиги сабабли Турки Жандий номини олган[2]. Шарқшунос олим Комилжон Раҳимов тадқиқотларига кўра, ушбу мозорда қорахоний ҳукмдор Шамс ул-Мулк Наср ибн Иброҳим (1068—1080) дафн қилинган. Шамс ул-Мулк мозири Парфенова-Фенинанинг 1911—1912-йиллардаги Бухоро шаҳри харитасига кўра „Гўрхонайи Хоқон“ қабри сифатида киритилган[3]. Турки Жандий мақбараси гузар ўртасида бўлиб, олд ва орқа томонларида сағана шаклидаги мозор мавжуд бўлган. Мозор тепаликда жойлашган бўлиб, мақбара иккита айлана гумбаздан иборат. Ҳозирги кунда мақбара дарвоза қисми ва бир нечта қабрлар сақланиб қолган. Олд қисмлари аҳоли уй-жойларига айлантирилган[2]. 1927 ва 1929-йилдаги гузарлар рўйхатида Турки Жанди гузари киритилмаган[2]. Ҳозирги кунда гузар ҳудуда мақбара сақланиб қолган. Гузар ҳудида Турки Жанди кўчаси ҳам мавжуд.

Турки Жанди гузари
Номи берилган шахс/жой Турки Жанди мақбараси бўлганлиги сабабли шундай номланган
Жойлашуви Бухоро шаҳри
Мақоми гузар


Манбалар

  1. ↑ Муин ул-Фуқаро Аҳмад Бухороий 2019, с. 94.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 Раҳматова 1995, с. 20.
  3. ↑ Муин ул-Фуқаро Аҳмад Бухороий 2019, с. 143.

Адабиётлар

  • Муин ул-Фуқаро Аҳмад Бухороий. Тарихи Муллазода дар зикри мазороти Бухоро. Тошкент: Фан нашриёти, 2019 — 216-бет. ИСБН 978-9943-19-544-8. 
  • Раҳматова С., Қурбонов Ҳ. Бухоро гузарлари тарихидан лавҳалар, Бухоро, 1995 — 144-бет.