Turkiston tizmasi

Туркистон тизмаси - Ҳисор-Олай тоғ системасига кирувчи тоғлар. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида жойлашган. Сирдарё ва Зарафшон оралиғида сувайирғич. Шарқдан ғарбга Мастчоҳ тоғ тугунидан Зарафшон дарёсининг ўрта оқимигача 350 км га чўзилган, эни 60 км дан зиёд. Шарқда, Сўх дарёсининг бошланиш қисмида, Олай тоғларидан Мастчоҳ тоғ тугуни орқали ажралади, ғарбда Пармонтепа қалъаси яқинида тугайди. Туркистон тизмаси шарқда Фарғона водийсини, ғарбда Мирзачўлни ўраб туради. Шарқий қисми баланд (5000–5400 м), қор ва музликлар билан қопланган. Ғарбий қисми (Чумқартов) паст (2600–3400 м). Энг баланд жойи шарқда 5680 м (Пирамида чўққиси), ғарбда Бозорхоним чўққиси (3405 м), шимоли-ғарбий қисми Молгузар тоғларидан иборат. Булар бир-биридан Сангзор дарёси водийси билан ажралган. Нурота тоғларини ҳам Туркистон тизмасининг давоми деб ҳисоблайдилар. У Молгузардан Илонўтти тоғ йўлага орқали ажралган. Туркистон тизмасида кўплаб довонлар мавжуд. Шаҳристон довонидан Уструшона — Душанба автомобил йўли ўтган.
Туркистон тизмасининг шимолий ён бағри қия, қир ва адирларга туташиб кетади. Шимолий ён бағрининг шарқида Бўрагансой, Босмондиқ, Оқсув, Лайлак, Исфара каби сойлар қор ва музликлардан сув олади. Ғарбда Сангзор дарёсининг чап ирмоқлари: Гуралаш, Бойқўнғирсой, Кўкжарсой, Тангатопдисой, Жўмжўмсой, Боғимозорсой сойлари қор ва баҳорги ёмғир сувларидан тўйинади. Дарёлари маълум ҳавзаларга қуйилмасдан, текисликка чиққач, бутунлай суғоришга сарфланади; Зомин, Жиззах сув омборлари барпо этилган.
Туркистон тизмаси герсин бурмаланишида кўтарилиб, кейинчалик емирилган ва учламчи даврда қайта кўтарилиб ҳозирги қиёфага келган. Палеозой эрасига хос бўлган қумтош, сланец, гранит, диорит ва қисман оҳактошлардан, неоген конгломератлари ва тўртламчи давр лёсс ётқизиқларидан ташкил топган. Иқлими континентал, турли қисмларида турлича хусусиятга эга. Тоғ олди текислиги ва тоғ олдида иқлим иссиқ ва қуруқ. Йиллик ўртача температура 13,Г—12,2°. Январнинг ўртача температураси 0,2°, июлники 25°, 26°, °. Энг юқори температура 45°. Баланд қисмида иқлим анча салқин, ўртача йиллик температура —Г га яқин, январники — 11,4°. Энг паст температура —34°. Йиллик ёғин 600–700 мм дан зиёд. Ёғиннинг бир қисми қор шаклида тушади. Қорнинг қалинлиги 15—30 см, айрим жойларда 1 м гача бўлиб, март ойигача, баландроқ жойларда май ойигача эримайди. Шамолнинг ўртача тезлиги 2,0—3,2 м/сек., баъзида 28 м/сек.га етади.
Туркистон тизмасининг шарқий қисмида музлик кўп. Уларнинг умумий майдони қарийб 150 км². Жанубий қисмида Зарафшон музлиги жойлашган. Тоғ олди текислиги ва тоғ олдида 1500–1800 м баландликда типик ва тўқ тусли бўз тупроқда эфемерлар, шувоқ ҳамда буғдойиқ ўсади. Ғарбий қисмининг 1800–3000 м баландликларида тоғ ўрмон-дашт минтақаси жойлашган. Бу ерларда жигарранг, қўнғир тупроқларда арча, писта, бодом, дўлана, итбурун, зирк, баланд бўйли дашт ўтлари ўсади. Тизманинг ғарбий қисмида 2800– 3400 м, шарқида 3000–3500 м баландликларда субалп минтақаси бўлиб, тоғ-ўтлоқ-дашт тупроқлар қўнғирбош, ранг, оқсўхта, бетага, тактак, қуёнсуяк каби ҳар хил ўтлар билан қопланган. 3500 м дан юқори қисми алп минтақасидан иборат. Туркистон тизмасининг ўрмон ва бутазорларида қобон, оқ тирнокли айиқ, какликлар, жайралар, суғурлар, баланд тоғларда кийик, ёввойи эчки, тоғ куркаси учрайди. Тоғ яйловларидан чорвачиликда кенг фойдаланилади. Зомин тоғ-ўрмон давлат қўриқхонаси ва Зомин халқ боғи ташкил этилган. Тоғ ён бағирларида табиий бойлик кўп, иқлими ва сувлари шифобахш. Мевали ва доривор ўсимликлар ўсади.
Мурод Маматқулов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |