Туркман мадрасаси (Раҳматулла тўқсабо мадрасаси) – Ўзбекистон Республикаси, Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлашган 2 қаватли мадраса иншооти. Ўзбекистон моддий ва маданий меъросининг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган.

Мадраса
Туркман мадрасаси
Раҳматулла тўқсабо мадрасаси
Мамлакат  Ўзбекистон
Ҳудуд Бухоро вилояти
Шаҳар Бухоро
Манзил Мирзо Улуғбек МФЙ, Кемухгарон кўчаси
Мактаб йўналиши сунний
Мулкдор Давлат мулки. Бухоро вилояти маданий меърос бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида
Мадраса тури Катта
Меъморий услуб Марказий Осиё меъморчилиги
Бинокорлик ташаббусчиси Раҳматуллабой
Ҳомийлар Раҳматуллабой
Бинокорлик 1905—1910-йиллар
Мақоми давлат ҳимоясида[1]
Ҳолати Аянчли аҳволга келиб қолган
Ҳужралар сони 34
Қурилиш материали Пишиқ ғишт, ганч, тош

Мадрасани тиклаш ва таъмирлаш учун 2010-йилги давлат дастурига кўра маблағлар ажратилганлигига қарамай, у ҳозирга қадар қаровсиз ва аянчли аҳволда қолиб кетган.

Тарихи

Мадраса 1905–1910-йилларда Бухоро амирлиги пойтахтининг Кемухтгарон гузарида[2], ўзбек ҳукмдори Абдулаҳадхон (1885–1910) ҳукмронлиги даврида, Раҳматуллабой қоровулбеги туркман маблағлари эвазига бунёд этилган. Маълумотларга кўра, Раҳматуллабой туркман қоракўл териси билан тадбиркорлик қилган. Бухорога Чоржўйдан келиб қолган[3], амирликнинг қоровулбеги ва тўқсабо унвонларида бўлган. У қурдирган мадраса 34 та ҳужрадан иборат бўлган[2].

Советлар ҳукмронлиги ўрнатилгандан сўнг, мадрасада талабаларнинг ўқитилиши тугатилган.

2010-йилда ишлаб чиқилган Давлат дастурига биноан, мадрасани 2011-йилда тадқиқ қилиш, фавқулотда қисмларини бўлакларга ажратиш, конструктив мустаҳкамлаш, тиклаш ва таъмирлаш, декоратив безакларини реставрациялаш ва консервациялаш ишлари режалаштирилган ва бу ишларни амалга ошириш мақсадида 100 миллион сўм маблағ ажратилган бўлсада[4], мадраса ҳозирга қадар аянчли аҳволда қолиб кетган[2].

Мадраса иншооти, Бухоро шаҳри меъморий ёдгорлиги сифатида, 2019-йилда тасдиқланган Ўзбекистон моддий ва маданий меъросининг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган бўлиб[1], ундан келажакда туристик хизмат кўрсатиш объэкти сифатида замонавий фойдаланишга топшириш режалаштирилган[4].

2020-йил маълумотларига кўра, Туркман мадрасасининг бутлигини сақлаш, унинг ҳолатини яхшилаш, реставрация қилиш ҳамда сайёҳлар учун жозибадор обектга айлантириш бўйича инвестор томонидан лойиҳа тақдим этилган. Мадрасанинг негизида туристик хизмат кўрсатиш объэкти ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳа тайёрланиб, Ўзбекистон Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий-эксперт Кенгашига тақдим этилган[5].

Бухоро шаҳридаги Мирзо Улуғбек МФЙга қарашли Кемухгарон номдаги кўчада жойлашган[1].

Меъморчилиги

Мадраса иншооти пишиқ ғиштдан 2 қаватли қилиб қурилган, 34 та ҳужрадан иборат[3]. Пештоғи кошин парчинлар билан безатилган.

Мадраса эшигининг тепасида мармар лавҳ бор. Унда 2 устунли 7 қатор шеър ёзилган. Мармар лавҳ дарз кетиб, 3 бўлакка ажралган. Ўртада катта қозиқнинг чуқур изи қолган. Қозиқ пастдан 3-сатрдаги ёзувларга зарар етказган. Лавҳдаги битикда ушбу мадраса туркманлар фахри бўлмиш Раҳматуллабой қоровулбеги амир Абдулаҳадхон даврида қурдиргани ёзилган. Пастки сатрнинг тагида ҳижрий 1329-йил (1910-йил) қайд этилган. Унинг Бухорога Чоржўйдан келганлигини ушбу лавҳдаги ёзувлар ҳам тасдиқлайди[2].

Манбалар

Андоза:Овозли Википедия

Адабиётлар

  • Жуманазар А.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.