Turkon xotun
Туркон хотун (асли Теркан „олий насабли“, „зодагон оилага хос“, „хотун“ — малика) (? — 1232/33. 18/6.10) — Ануштегин асос солган хоразмшохлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори Алоуддин Муҳаммад хоразмшоҳ (1200—1220)нинг онаси. Жувайнийнинг таъкидлашича, Туркон хотун қанғли уруғидан бўлган хони Ақран (Жонкиши)нинг қизи эди. Тарихий манбаларда таъкидланишича, Султон Муҳаммад ҳукмронлиги даврида Туркон хотун салтанат ишларида етакчи мавқени эгаллаган, унинг фармойишлари ва маслаҳатлари ўғли томонидан сўзсиз бажарилган. Туркон хотуннинг раҳнамолигида сарой аҳли, зодагонлар бир неча гуруҳга бўлиниб, ўзаро адоват қилганлар. Кипчоқлардан ташкил этилган олий мартабали саркардалар Туркон хотун билан яқин бўлиб, аксарият саройда султонга қарши бўлиб турган биронбир гуруҳга бошчилик қилганлар. Салтанат ишлари деярли Туркон хотун томонидан бошқарилган. Кўп ҳолларда Муҳаммад хоразмшох. тарафидан эълон қилинган ҳукм ва фармойишлар Туркон хотун томонидан ҳеч қандай асоссиз, кенгашсиз бекор қилинар эди. Жувайнийнинг ёзишича, Гурганч (Урганч) Туркон хотуннинг хос пойтахти ҳисобланган, унинг хос саройи ва иқтоси мавжуд бўлган. Туркон хотун нафақат султон, балки молиявий ишлар, аркони давлат ва сарой амалдорлари устидан ҳам ҳукмронлик қилган.
| Туркон хотун | |
|---|---|
|
Мўғуллар томонидан Туркон хотуннинг асирга олиниши тасвирланган сурат. (Жоме ат-таворих). | |
| Таваллуди | номаълум |
| Вафоти | Қорақурум, Мўғуллар империяси |
| Фуқаролиги | Хоразмшоҳлар давлати |
| Фаолият йиллари | 1200—1220 |
| Турмуш ўртоғи | Хоразмшоҳ Такаш |
| Отаси | Ақран (Жонкиши) |
Ибн ал-Асирнинг қайд этишича, Туркон хотун 1220-йил Илол мақбарасида мўғулларга асир тушади ва хизматкорлари билан биргаликда Толиқонда турган Чингизхон ҳузурига етказилади. Асирлар сафида бўлган вазир Носируддин Ҳазораспий қаттиқ қийнокларга солинади ва султоннинг фарзандлари қатори қатл этилади. Мўғулистон томон отланган Чингизхон бир неча кун Самарқандда тўхташга қарор қилади ҳамда Туркон хотун ва султоннинг омон қолган хотинларига хоразмшохлар салтанати учун аза очиш, яъни мўғул аскарлари олдига чиқиб баланд овоз билан йиғлашни буюради. Чингизхон кўрсатмасига биноан, Аввал уни Қорақурумга келтирилган Туркон хотун қашшоқликда умр кечиради ва шу ерда вафот этади.
Адабиёт
- Шихаб адДин Муҳаммадан — Насави, Жизнеописание Султана Джалал ад-Дина Манкбурни, Баку, 1973; Мирзо Улуғбек, Тўрт улус тарихи, Т., 1994.
Ҳамидулла Дадабоев.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |