Зафаробод тумани 1973-йилнинг 12-апрелида ташкил этилган. Туман жанубда Жиззах, ғарб ва шимоли-ғарбда Фориш, шимолда Арнасой, шарқда Пахтакор туманлари билан чегарадош. Туман релефи асосан шимол томонга пасайиб борадиган текисликлардан иборат, фақат туман майдонининг жанубий-ғарбий қисми Нурота тоғларига параллел ҳолда жойлашган Балиқлитоғ ва Писталитоғнинг шимоли-шарқий этакларига туташиб кетган. Туманда 10 та қишлоқ фуқаролар йиғини Самарқанд, Бўстон, Чўлигулистон, Ёрқин, Писталикент, Нурафшон, Лолазор, Узун, Чимқўрғон, Бирлик мавжуд. Маъмурий маркази - Зафаробод шаҳарчаси.

Туманнинг умумий ер майдони 0,52 минг км.кв. Аҳолиси 55,2 минг киши (01.10.2025-й.). Айни кунда тумандаги 8737 та хонадонларда 11268 та оилалар истиқомат қилишади. Иқтисодий фаол аҳоли 24 мингга яқин бўлиб, жами меҳнат ресурслари 29,5 мингни ташкил қилади.

Туманда ижтимоий соҳа йўналишида 20 та мактаб, 65 та мактабгача таълим муассасалари (шундан 53 таси нодавлат мактабгача таълим муассасаси), 12 та соғлиқни сақлаш муассасалари, 96 та спорт обектлари, 23 та кутубхона, 2 та маданий меърос обектлари ва 1 та маданият ва истироҳат боғи фаолият кўрсатади.

Туманнинг саноат ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошиб 2025-йилда 1,0 трилион сўмни ташкил қилди. Туманда 2 та йирик ва 124 та кичик саноат корхоналари ва 2 та саноат зоналари фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда туманда янги саноат корхоналари ишга туширилиши натижасида тумандаги 1,3 минг ишсизларнинг сони ҳар ойига 100-120 нафарга қисқариб бормоқда.

Тумандаги сувдан узоқ, Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофи, ариқ ва зовурларнинг ҳимояланган ҳудудидан ташқарисига экилган дарахтлар, буталар ва деҳқончилик учун экилган маҳсулотларнинг яхши униб чиқиши, ҳосил бериши натижасида кейинги 2-3 йилда деҳқончилик 162,1 млрд.сўм (23,1 %) ва чорвачилик 441,2 млрд.сўм (62,9 %) бўлишига эришилди.

Қўчқор Ҳакимовнинг “Жиззах вилояти топонимлари” номли монографиясида келтирилишича Зафаробод туман 12-апрел, яъни космонавтлар кунида ташкил этилганлиги учун унинг маъмурий марказига дастлаб “Учқаҳрамон” номи берилган. Шўро давлати космонавт-учувчилари В.Н.Волков, В.И.Пацаев ва Г.Т.Доброволскийлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида туман марказига шу ном берилган. Космонавт-учувчилар 1971-йил 6-июн куни “Союз-11” кемасида фазога парвоз қилган ва “Салют” илмий стансияга бориб қўшилган. 1971-йилнинг 30-июн куни белгиланган вазифани бажариб ерга қайтиш вақтида фазо кемасида вужудга келган носозликлар (разгерметизация) туфайли кема экипажи ҳалок бўлган.

Мустақилликдан кейин туман Зафаробод ва унинг маркази номи Зафаробод шаҳарчаси деб ўзгартирилди. Зафаробод - расмий-маъмурий тарзда қўйилган номлар сирасига киради. Ўзбекистон миқёсида қўриқ ва бўз ерларда, чўлда ташкил этилган бир қанча аҳоли пункти шу ном билан аталган. Зафаробод номи икки қисмдан иборат: “зафар” арабча “ғалаба”,” фатҳ”, “ютуқ”, “муваффақият”; “обод” - баъзи отларга ёки айрим сифатларга қўшилиб жой номини ясайдиган, “ободонлаштирилган”, “ўзлаштирилган”, гўзал, чиройли, тартибга солинган маъносидаги аффикс сўз. Обод - асли об – “сув” сўзидан келиб чиққан деган фикр мавжуд. Зафаробод - ғалабалар, ютуқлар, муваффақиятлар эвазига обод этилган маскан, жой демакдир.

Туман топонимиясининг асосий қисмини ўзбекча номлар ташкил қилади, шунингдек, қадимдан туманнинг ҳозирги чўл ҳудудларида туркий қабилалар ва қозоқлар ёнма-ён яшаб чорвачилик билан шуғулланганликлари боис, бироз миқдорда қозоқча номлар ҳам учрайди. Туман жой номлари таркибида этнонимлар йўқ, чунки мавжуд аҳоли пунктлари асосан Жиззах чўлини ўзлаштирилиши натижасида пайдо бўлган. Уларда яшовчи маҳаллий халқ республика ва вилоятнинг турли бурчакларидан кўчиб келишган. Туман топонимиясининг ички хусусиятларидан бири, аксарият қишлоқлар истиқлол йилларида қайта номланди, улар маъмурий-расмий тарзда берилган бўлса ҳам кишиларнинг озод ва обод турмушини, бахтли ҳаётини, орзу-истакларини, интилишларини ифода этади.

Туманнинг шимолий текислик қисмида Жиззах чўлини ўзлаштирилиши натижасида пайдо бўлган ойконимлар асосан деҳқончилик маданияти билан боғлиқ. Чўлигулистон, Лолазор, Гулзор, Чаманзор, Қутлуғйўл каби қишлоқлар номи янги давр маҳсули ҳисобланади. Бу номлар халқнинг қақраб ётган чўлни обод қилиб, деҳқончиликда эришган ютуқларининг натижаси, яъни инсон қўли билан ўзлаштирилиб обод қилинган ма’нони англатувчи номлардир.

Бу тур номларнинг пайдо бўлиши халқнинг янги ерларни ўзлаштириши, янги қурилишлар мажмуини бунёд қилиши каби ижодкорлик, чўлқуварлик, янги деҳқончилик манзиллари яратиши билан боғлиқ. ХХ-асрда халқнинг оммавий бунёдкорлик фаолияти туфайли бу хил номлар яратилди. Туманнинг тоғолди ҳудудларида халқнинг табиатга бўлган муносабати, табиий ҳодисаларни англаш даражаси, турли хил ландшафтлардан фойдаланиш имкониятлари каби омиллар жой номларининг яратилишида моддий, ижтимоий ва лисоний асос вазифасини бажарган.

Туман ҳудудида Айдар-Арнасой кўллар тизимининг ажралмас қисми ҳисобланувчи Тузкон кўли мавжуд. Тузкон вилоятнинг шимолий текислик қисмида, товоқсой шаклидаги ботиқда жойлашган Ўзбекистондаги ягона табиий кўл ҳисобланган. Тузкон Айдар-Арнасой кўллар тизимининг жанубий-шарқий қисмини эгаллайди ва Нурота тоғ тизмаларининг шимолий этакларига туташади. ХХ-асрнинг биринчи ярмигача шу ҳудудда яшовчи аҳоли қуриб қолган кўл ва унга туташ ҳудуддан туз қазиб олишган ва бу ҳолат унинг номланишига ҳам асос бўлган.

Аслида Тузкон табиий шўр ботиқ бўлган. 1960-йилларгача у мавсумий равишда тўлиб турадиган кичик шўр кўл бўлган. Ўтган асрнинг олтмиш тўққизинчи йили ёққан кучли қор ва ундан кейинги йиллардаги ёғингарчиликни кўп бўлиши натижасида Арнасой-Айдаркўл кўллар тизимида сув сатҳи кўратила бошлаган. Қўшни Қозоғистон ҳудудидаги Чордара сув омборидан қиш ва баҳор ойларида ортиқча сувнинг ташланиши, чўлнинг ўзлаштирилган ерларига қишнинг чилласида бериладиган яхоб суви ва суғориш тизимларидан келадиган коллектор-дренаж сувлари ҳисобига у ҳозирги йирик ҳажмга етган.

Тузкон кўли ўзининг ноёб табиати ва экологик аҳамияти билан алоҳида ажралиб туради. Кўл сувининг минералларга бойлиги ва табиий шўрлиги балиқчиликни ривожлантиришга асос бўлади. Шу сабабли кўл ва унга туташ ҳудудларда табиий пуртлар ва балиқчилик фермер хўжаликлари жойлашган. Бу ерда сазан, лаққа, оқ амур, дўнгпешона ва судак каби балиқ турлари учрайди.

Кўл атрофида чўл ва ярим чўл ландшафтлари устунлик қилади. Кўлнинг қирғоқ бўйларида асосан қамиш, қўға ва шўрадошлар оиласига мансуб ўсимликлар кенг тарқалган. Чўл ҳудудига яқин жойларда саксовул ва юлғунзорларни учратиш мумкин.

Тузкон кўли халқаро аҳамиятга эга бўлган қушлар яшаш жойи ҳисобланади. Миграция даврида бу ерда пушти бирқозон (пеликан), фламинго, ёввойи ўрдак ва ғозларни учратасиз. Шунингдек, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб қушлар шу ерга уя қўйиб табиий шароитда полапонларини катта қилади.

Тузкон кўли нафақат балиқчилик, балки экотуризм ва даволаш мақсадлари учун ҳам қулай жойлашган. Кўлнинг балчиқли лойи ва шўр суви шифобахш хусусиятга эга бўлиб, инсонларнинг бўғим ва тери касалликларини даволашда жуда қўл келади. Бугунги кунда юртимизнинг деярли барча сиҳатгоҳларига шифобахш балчиқ Тузкон кўлининг айнан Зафаробод туманидаги ҳудудидан олиб кетилади.

Туман археологик жиҳатдан ҳам жуда аҳамиятли бўлиб, ҳудудда неолит давридан бошлаб инсонлар яшаганлиги, балиқчилик ва чорвачилик билан шуғулланганлиги. Ёввойи отларни хонакилаштириш ишларини олиб борганлиги, овчилик билан ҳам шуғулланганлиги тўғрисидаги топилмалар мавжуд.

Зафаробод тумани ҳудудидаги қадимги давлатчилик, унда яшаган қабилалар ва элатлар тўғрисидаги маълумотларни кейинги мақолаларимизда келтириб ўтамиз...

Толибжон ЭРГАСҲЕВ,

Фалсафа доктори (ПҳД), доцент,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

БЎРИТЕСКЕН ОЙКОНИМИ: ЭТИМОЛОГИЙА, ТРАНСФОРМАТСИЙА ВА ЭТНОТОПОНИМИК ТАҲЛИЛ

         Жой номлари - халқ тарихининг “тилсиз” гувоҳидир. Ҳар бир топоним замирида муайян бир даврнинг ижтимоий манзараси, табиий релефи ёки этноснинг дунёқараши яширинган бўлади. Шундай қизиқарли ва баҳсли номлардан бири – Зафаробод туманидаги Бўритескен ойконимидир. Ушбу ном нафақат лингвистик жиҳатдан, балки тарихий-этнографик нуқтаи назардан ҳам алоҳида тадқиқотни талаб этади.

Ойконимнинг шаклланиш тарихи

Манбаларга кўра, мазкур жой номи илк бор “Бўритешган” шаклида қўлланилган. Кейинчалик ҳудудда яшаган маҳаллий қозоқ миллатига мансуб аҳоли томонидан фонетик ўзгаришларга учраб, “Бўритескен” кўринишига келган. Бу ҳолат туркий тиллар ўртасидаги фонетик мослашув жараёнларига хос хусусиятдир.

Қозоқ тилида бўри “қасқир” деб аталиши ҳам мазкур номнинг ўзгаришида муҳим далил ҳисобланади. Яъни, “бўри” сўзининг сақланиб қолиши, номнинг илк туркий (ўзбек ёки қадимги қипчоқ) қатламга мансублигини кўрсатади.

Этимологик таҳлил

Тадқиқотчи Баҳром Ўринбоев мазкур ойконимни икки қисмга ажратиб таҳлил қилган:

-         “бўри” – йиртқич ҳайвон номи сифатида

-         “тешган” – тешмоқ, ковлаш маъносини беради.

Ушбу изоҳга кўра, “Бўритескен” – “бўри тешган яъни жой” маъносини англатади.

Б.Ўринбоевнинг таъкидлашича, қипчоқ ва қирғиз қабилалари таркибида “бўри” уруғининг мавжудлиги тарихий манбалардан маълум. Бу эса мазкур номнинг нафақат табиий, балки этник илдизларга ҳам эга эканлигини кўрсатади.

Географик ва табиий омиллар

Қишлоқ жойлашган жойнинг географик хусусиятлари ҳам ойконим мазмунини тасдиқлайди. Манбаларда қайд этилишича, ҳудуд ва унинг атрофида селлардан пайдо бўлган жарликлар, қамиш босган майдонлар, қадимги инсонлар томонидан яратилган сунъий тешиклар (кавланган уялар) мавжуд. Бу тешиклардан шу ерда яшовчи аҳоли ва қадимги давлатчиликнинг қўриқчилари фойдаланган деган қарашлар ҳам мавжуд. Улар ов вақтида, қаттиқ қорли, бўронли ва ёмғирли ҳавода кенг қўлланилган. Вақт ўтиши билан ташландиқ ҳолга ташлаб қўйилган тешиклар, кавланган уялар йиртқич ҳайвонларга бошпана бўлган ва уларнинг кўпайишига хизмат қилган.

Халқ этимологияси: афсона ва ҳақиқат

Маҳаллий аҳоли ўртасидаги ривоятларга кўра, илгари бу ерларда бўрилар жуда кўп бўлган ва улар жарликларда уя қуриб, ерни “тешиб” ташлаган. Бу ерда “Бўритешган” номи мўлжал (ориентир) вазифасини бажарган. Чорвадор халқ учун йиртқичлар уяси бўлган ҳудуд хавфли макон сифатида алоҳида ном билан белгиланган. Имкон даражасида бу ерларга келмасликка ҳаракат қилишган.

Бўритескен – шунчаки қишлоқ номи эмас, балки туркий тилларнинг ўзаро таъсири ва халқнинг табиат билан муносабати акс этган мураккаб лингвистик бирлик, тарихий ва этномаданий хусусиятларни ўзида мужассам этган кўп қатламли топонимдир. Унинг тўлиқ илмий таҳлили келгусида янада чуқур тадқиқотларни талаб қилади.

Толибжон ЭРГАСҲЕВ,

Фалсафа доктори (ПҳД), доцент,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

„Zafarobod: kecha va bugun“ turkumidagi sahifalar

Bu turkumda faqat bitta sahifa mavjud.