Туркум — муштарак ғоявий ният, умумий мавзу, қаҳрамон ва муайян композицион яхлитликка эга бўлган бадиий асарлар мажмуи. Т. асарлар адабиётнинг барча жанрларида мавжуд. Мас., Балзакнинг "Инсон комедияси" ёки Золянинг "Ругон — Маккарлар"ини ташкил этувчи асарларини романлар Т.и дейиш мумкин. Шунингдек, ҳикоялар, очерклар ва ҳатто мақолалар Т.лари ҳам бўлади. Т., айниқса, шеъриятда кенг тарқалган.

Ўзбек шеъриятида деярли ҳамма шоирлар Т. асарлар яратганлар. Миртемирнинг "Қорақалпоқ дафтари", Зулфиянинг "Водий туҳфаси", Ҳ. Ғуломнинг "Қитъалар уйғоқ", Шуҳратнинг "Кавказ дафтари" каби Т. асарлари мавжуд. Т.ни ташкил этувчи ҳар бир асар мустақил бадиий қимматга эга бўлади, бироқ улар бирлашиб, ҳаётнинг бирор томони ҳақида мукаммал тасаввур берувчи тугалланган яхлит асарни вужудга келтиради.