Турланиш (тилшуносликда) — отнинг, аксарият олмошларнинг ҳамда ҳаракат номи ва отлашган сифатдошларнинг келишик шакллари билан ўзгариши: китоб — китобнинг — китобни — китобга — китобда — китобдан каби. Т. кенг маънода отлардаги сўз ўзгаришини билдиради. Шу маънода отларнинг эгалик аффикслари олиб ўзгаришини қам Т. дейиш мумкин. Т. қоидалари эса флектив ва агглютинатив тиллар морфологиясининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Т. тизими турли тилларда бир хил эмас (келишиклар, турланиш типлари миқдорининг ҳар хиллиги ва бошқалар) ҳамда тилларнинг тарихий тараққиёти жараёнида ўзгариб туради.

Отнинг Т.и маъно талаби асосида юз беради, чунки от келишик шаклида қўлланиб, гапда бошқа сўзлар билан грамматик алоқага киришади, маълум синтактик вазифани бажаради. Маc: Мусиқа дунёни ҳам, кўнгилларни ҳам сехрга, тотли туйғуларга тўлдиради.

Ўзбек тилида ҳар бир келишик бир неча маънони ифодалайди, шунга кўра, маълум бир келишикдаги сўз гапда ҳар хил гап бўлаги вазифасида келади. Лекин келишик маъноларидан бири асосий бўлиб, келишик шу асосий маънога кўра номланади. Келишиклар бўйича Т., асосан, отнинг феъл билан, отнинг от билан грамматик алоқасини кўрсатади.

Илҳом Мадраҳимов.