Turon (teatr)
"Турон" – театр труппаси. Жадидларнинг 1913-йил Тошкент шаҳрида очилган биринчи театр труппаси. Труппанинг бадиий раҳбари – Абдулла Авлоний, маънавий ва моддий ҳомийси Мунавварқори Абдурашидхонов, Баширулло Хўжаев ва бошқа Тошкентнинг мўтабар кишилари бўлган. Низомиддин Хўжаев, Бадриддин Аъламов, Шокиржон Раҳимий, Муҳаммаджонқори Пошшахўжаев, Фузаил Жонбоев, Ҳасанқори, Самеъқори Зиёбоев, Қудратилла Юнусий ва бошқа, 1916-йилдан Маннон Уйғур, Ғулом Зафарий, Сулаймон Хўжаев кабилар труппанинг асосий кучлари ҳисобланган. Труппа ўз фаолиятини 1914-йил 27 февралда Тошкентдаги „Колизей“ театри биноси (2000 томошабинли)да „Падаркуш“ (М. Беҳбудий) спектакли билан бошлаган. Бош ролларни Абдулла Авлоний, С. Зиёбоев, М. Пошшахўжаев, Б. Аъламовлар ижро этганлар. Спектаклни озарбайжонлик актёр ва режиссёр Алиасқар Асқаров қўйган. 1915-йил шу спектакл Н. Хўжаев томонидан қайта саҳналаштирилган. Кетма-кет Н. Қудратилланинг „Тўй“, А. Қодирийнинг „Бахциз куёв“, А. Авлонийнинг „Адвокатлик осонми?“ каби асарлари саҳналаштирилган. Озарбайжон актёри ва режиссёри Руҳилло Сидки 1914—16 йиллар Тошкентга ижодий сафари давомида „Т.“ театри аъзолари ўртасида мусиқали драма жанрига қизиқиш уйготган. Озарбайжонларнинг „Лайли ва Мажнун“ спектаклида „Т.“ труппаси аъзолари ҳам бирга рол уйнаганлар. Театр муҳим мавзу ва жанр доираси асосида кенг репертуар яратиш имкониятига, Тошкентнинг эски ва янги шаҳар қисмида ўзининг қишлик ва ёзлик биносига эга театр жамоаси даражасига кўтарилган. „Пинак“ (А. Авлоний), „Мазлума хотин“ (Х. Муин), „Ўликлар“ (М. Қулизода) каби спектакллар билан ўз репертуарини бойитган. 1917-йил Октябр тўнтаришидан сўнг „Т.“ театри ҳукумат ихтиёрига олиниб, унга давлат театри мақоми берилган. Турли даврда турли номлар билан юритилган. Маннон Уйғур театрнинг етакчиси, бадиий раҳбари бўлган (қаранг Ўзбек миллий академик драма театри).
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |