Турон кутубхонаси (Тошкент вилояти „Турон“ илмий универсал кутубхонаси) – Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик кутубхоналардан бири, илмий-маърифий муассаса. 1918-йилда Тошкентда мустақил оммавий кутубхона сифатида очилган. 1919-йилда „Турон“ номи берилган (1928—1993-йилларда „Октябр“ номи билан аталган). Кутубхона жойлашган бинода дастлаб 1913-йилда маърифатпарвар Абдулла Авлоний бошчилигида „Турон“ театр труппаси тузилган. Тошкент шаҳри маърифатпарварларининг „Турон“ жамияти ташаббуси билан ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари заминида шу бинода кутубхонага ҳам асос солинган (1913). Турон кутубхонаси Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур, Мажид Қодирий каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган ҳамда Ватан, миллат озодлиги учун курашда юксак ўрин тутган маънавий муҳит шу ерда шаклланган.

Дастлаб 4 минг китоб бўлган кутубхона фондида 400 мингдан зиёд асар мавжуд (2004). Ноёб нашрлар орасида Октябр тўнтаришига қадар нашр этилган асарлар, 1918-йилдан нашр қилинган газеталар жамғармаси бор; ҳозирги кунда чоп этилаётган 100 га яқин даврий нашрлар ва бошқа асарлар билан кутубхона фондини тўлдириб боради. Турон кутубхонасида 8 бўлим – илмий-методик, китоб фондини бутлаш, адабиётларга кутубхона усули билан ишлов бериш, китоб сақлаш, маълумот-библиография, китобхонларга хизмат кўрсатиш (ўқув заллари билан), алмашув фонди, ахборот ва замонавий технология бўлимлари бор. Кутубхона китоб кўргазмаларини, маданият меросига бағишлаб турли тадбирлар, таниқли олимлар, адиблар билан ижодий учрашувларни мунтазам ташкил қилади, библиография методикаси бўйича қўлланмалар нашр этади. 1938-йилдан вилоятдаги 500 дан ортиқ, кутубхоналар учун методик марказ қисобланади, вилоят кутубхоналари ходимларининг малакасини ошириш курслари ташкил этади, семинар-тренинглар ўтказади.

Турон кутубхонасида автоматлаштириш кенг йўлга қўйилган: Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб кутубхона жамғармасидаги 75 минг нусха ўзбек тилидаги адабиётларнинг электрон каталогини тузиш якунланди. Ҳуқуқий ахборотлар билан таъминловчи марказ, интернетга уланган компютер хонаси ва бошқа техник воситаларга эга.

Манбалар