Турсунбой Адашбоев Жалолобод шаҳрида 2010-йил, март

Шоир Турсунбой Адашбоэв 1939-йил 1-январда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Ола-Буқа тумани Сафед Булон қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетида (1962–1968) ўқиган. Москвадаги Адабиёт институтида ҳам таҳсил олган.

Турсунбой Адашбоэв дастлаб „Қирғизистон ҳақиқати“ газетаси таҳририятида, Ўш вилояти Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилган. У ҳамиша Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида фаол иштирок этган. Шеърий, насрий асарлари ўзбек тилида чоп этилган. Т. Адашбоэв „Чўлпон“ нашриётида 1987–1999 йилларгача муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатди. Нафақага чиқиш арафасида 2 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлди.

Турсунбой Адашбоэв „Камолнинг олмаси“ (1965), „Биз саёҳатчилар“ (1967), „Олатоғ-лолатоғ“ (1978), „Жўнатаман қуёшни“ (1982), „Арслонбоб афсонаси“ (1988), „Уч бўталоқ ва сирли қовоқ“ (1990), „Топишмоқли алифбе“ (1997) сингари 20 та шеърий тўплам муаллифи. У қирғиз адабиётидан 30 га яқин асар таржима қилган. Улар орасида „Манас“нинг насрий баёни, „Синган қилич“ романи сингари асарлари бор. Турсунбой Адашбоэв „Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси“(1993), „Қирғизистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби“(1999), „Дўстлик“ ордени (1999), „Манас“ордени (1995) соҳиби.

Турсунбой Адашбоэв бола руҳиятини юморга мойил тарзда нозик ифодалайди. Унинг катталар учун ёзилган асарида ҳам ўзига хослик сезилиб туради. Турсунбой Адашбоэв адабий пародиялар устаси.

Асарлари

Адабиёт

Р. Баракаэв. Жонажоним шеърият. Монография.Т.;Чўлпон 1997 З. Исомиддинов. Дил кўприги. Мақола. „Жаҳон адабиёти“ 1998, 12-сон