Тусий Носириддин
Таваллуди 1201-йил 18-феврал
Вафоти 25-июн 1274-йил(1274-06-25)
(73 ёшда)

Тусий Носириддин (тўлиқ исм шарифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Носириддин Тусий) (1201-йил 17-феврал, ҳозирги Эрон — 1274-йил 25-июн, Бағдод) — ўрта осиёлик астроном ва математик олим.

Эронда Кўҳистоннинг исмоилийлар ҳокими Насриддин Муҳташам саройида хизмат қилган. „Ахлоқи Носирий“, „Тажрид“ каби асарлари Шарқда кенг тарқалган. 1256-йилда Эронга бостириб кирган мўғул истилочилари бошлиғи Ҳулоку саройига хизматга олинган. Тусий ўзининг мавқейидан фойдаланиб, Яқин Шарқ ва Ўрта Шарқ маданиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. 1259-йилда Мароға расадхонаси қурилишига раҳбарлик қилди, атрофига турли мамлакат олимларини тўплаб, Мароға илмий мактабини яратган. Бу расадхонада ўша даврнинг мукаммал астрономик жадвалларидан бири „Зижи Элхоний“ тузилган.

Тусий математика фанига ҳам катта ҳисса қўшган олим. „Таҳрири уклидис“ (Евклид „Негиз“ларига қўшимчалар) асарида Евклиднинг 5 постулатини исботлашга уриниб, ноевклид геометриянинг айрим теоремалари ва аксиомаларини таърифлаган. „Шаклулқиттаъ“ („Тригонометрия асослари“) асарида тригонометрияни мустақил соҳа сифатида баён қилди. Бу асар тригонометриянинг Европада тарқалишида асосий ўрин тутган. Тусийнинг минералогия, тиббиёт, физика, мантиқ (логика), фалсафа ва бошқа соҳаларга оид асарлари ҳам маълум. Кўпгина юнон олимлари асарларини араб тилига таржима қилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида Тусий асарларининг 20 дан ортиқ ноёб нусхалари бор.