Ugom tizmasi
Угом тизмаси - Ғарбий Тяншаннинг бир қисми. Тизманинг жануби-ғарбий қисми Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида. Талас Олатовидан (Манас тог тугуни яқинидан) бошланиб жануби-ғарб томон 115 км га чўзилган. Писком ва Угом дарёлари оралиғида. Унинг жануби-ғарбий қисми Ўзбекистонда, шимоли-шарқий қисми эса Қозоғистон ҳудудида. Сувайирғич яқинидан икки давлатнинг чегараси ўтади. Ўртача бал. 3000–3500 м, жануби-ғарб томон пасайиб боради. Ўзбекистондаги қисми анча паст, Чирчиқ дарёси яқинида бал. 1500 м. Угом тизмасининг айрим чўққилари 3500–4000 м га кўтарилган. Энг баланд чўққиси Сайрам (4238 м). Сайрам чўққисидан Угом тизмаси бир қанча тармоқларга ажралади, булардан энг йириклари Тупроқбел ва Майдонтолдир. Бу тармоқлар анча баланд бўлиб, баъзи чўққилари 4000 м дан юқори — (Тупроқбел — 4234 м). Угом тизмасининг бу қисмида доимий қор уюмлари ва кичик музликлар мавжуд.
Угом тизмасининг сувайирғич қисми асосан, қояли. Баъзи жойларида текисланган юзалар бор. Жануби-ғарбий ён бағри анча тик, шимоли-шарқийси эса бироз нишаброқ. Ён бағирларида кўплаб калта, чуқур даралар бор. Остона ва шаршаралар ҳосил қилувчи дарёлар билан кесилган.
Угом тизмаси герсин бурмаланиши даврида шаклланган антиклинорийдир. Ҳозирги баландлигига янги тектоник ҳаракатлар таъсирида кўтарилган. Палеозой даврига мансуб оҳактош, доломит, қумтош, сланец, гранит, гранодиорит, порфир каби тог жинсларидан ташкил топган. Оҳактошларда карст жараёнлари ривожланган. Сувайирғич қисмидаги текисланган юзаларда каррлар, карст, воронка ва ботиклар, ён бағирларида эса карст ғорлари, қудуклари ва шахталари кенг тарқалган. Угом тизмаси Чорвоқ ботиғини шимолий ғарб томондан ўраб туради.
Иқлими тоғга хос, ёғингарчилик, айниқса, унинг шимоли-шарқий қисмида, кўпроқ (1500–2000 мм). Ён бағирларида типик ва тўқ бўз, қўнғир, жигарранг ўрмон тупроқлари тарқалган. Чалачўл, дашт ўсимликлари, дарё водийларида буталар ўсади. Тоғ ён бағирлари ўрмонзор, сувайирғич қисмида, ўтлоқ даштлар, субалп ва алп ўтлоқлари тарқалган. Ҳайвонлардан ўрмонларда қобон, бўрсиқ, олмахон, тизманинг баланд қисмларида кийик, қор қоплони, бўри, айиқ ва бошқа; қушлардан каклик, каптар, булбул, чумчуқ, лочин, калхат ва бошқа яшайди. Фойдали қазилмаларидан оҳактош, гранит, мармар бор. Угом тизмасининг шимоли-шарқида Оқсув-Жабағли қўриқхонасининг ғарбий қисми жойлашган. Угом тизмасининг Чатқол тоғларига яқин келган жойига Чорвоқ ГЕС тўғони қурилган.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |