Уҳуд жанги (арабча: غزوة أحد‎‎ (Уҳуд — Мадина шаҳридаги яқинидаги тепалик номи) — 625 йил 23 мартда Уҳуд тепалигида мусулмонларнинг маккаликлар билан бўлган жанги. Бадр жангида маккалик мушриклар мағлубиятга учрагач, мусулмонлардан ўч олмоқчи бўлишган.

Маккаликлар 3000 га яқин жангчидан иборат бўлиб, жумладан 200 та отлиқ аскар, 800 та совут кийган жангчи, Муҳаммад (сав)нинг эса, 700 та пиёда аскарлари бўлиб, шулардан 100 тасида совут бўлган. Маккаликлар жанг майдонида яхши мавқени эгаллаган эди. Муҳаммад (сав) ҳам аскарларини керакли жойга жойлаштириб тепалик томонини қўриклаш учун 50 та камончини қўйиб, уларга бу ердан ҳеч ерга силжимасликни тайинлаганлар. Жанг дастлабки пайтда мусулмонлар фойдасига ҳал бўла бошлади. Улар айни душманни таъқиб этадиган пайтда ғанимат (ўлжа) тўплашга тушдилар. Камончилар ҳам ўлжасиз қолиб кетмаслик ниятида ўз турган жойларини ташлаб кетди. Бундан фойдаланган маккаликларнинг Холид ибн Валид бошчилигидаги отлиқ қўшини мусулмонлар қўшини орқа томонига ўтиб ҳужум қилди. Бу жангда мусулмонлар кўп талафот кўрди: Муҳаммад (сав) қуршовда қолиб, яраланганлар, 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Маккаликлар эса, 19 кишисини бой берди. Мусулмонлар бу жангда рақиб устидан енгилгина ғалаба қозонамиз деб ўйлашган эди. Мусулмонлар муваффақияцизликка учраганлигининг сабаби Қур’он оятларида баён этилган.

Уҳуд жанги ҳақида Қур’онда

Оли Имрон сураси

  • 139. Куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Уҳуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар.
  • 140. Агар (бугун — Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди.
  • 141. Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок килиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради).
  • 142. (Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!
  • 143. Ўлимга рўбару бўлишингиздан илгари уни орзу қилар эдингиз. Мана энди (яъни Уҳудда) уни кўзингиз билан кўриб турибсиз.
  • 165. (Эй мўминлар), агар сизларга (Уҳудда душман томонидан) бир мусибат еца — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — Бу бало қайдан келди? — дейсизми?! (Эй Муҳаммад), уларга: „Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан“, деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
  • 166-167. Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изнииродаси билан ва ҳақиқий мўминларни билиш учун ҳамда нифоқ йўлига кирган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: „Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар“, дейилса, „Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик“, дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билгувчидир.
  • 168. (Эй Муҳаммад), ўша ўзлари ўтириб олиб дўстлари ҳақида: „Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида) ўлдирилмаган бўлар эдилар“, дейдиган кимсаларга: „Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи“, деб айтинг!
  • 169-170. Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар.
  • 171-172. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва расулига бўйинсунган мўминларнинг ажри — мукофотини Аллоҳ зоэ қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар. Уларнинг орасидаги чиройли итоат қилган ва Аллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр — мукофот бордир.
  • 173. Ундай зотларга айрим кимсалар: „Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!“ деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: „Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!“ — дедилар.
  • 174. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир.

И з о ҳ. Юқоридаги оятларда мусулмонларнинг Ухуд жангидан кейинги аҳволи баён қилинди. Ривоят қилишларича, мушриклар Ухудда мусулмонлар устидан ғалаба қилиб, уйларига қайтгач, йўлда: „Нега уларни бутунлай қириб ташламадик?“ — деб надомат қилдилар. Бу гап расулуллоҳга етиб келганида у зот мушрикларнинг дилига қўрқув солиш ва уларга ўзларини ҳали куч-кувватга эга эканликларини кўрсатиб қўйиш учун мусулмонларни уларнинг ортидан юришга чақирадилар. Мусулмонлар Ухуд жангида кўп талофот ва жароҳатлар олганларига қарамай, пайғамбарнинг даъватларига „Лаббай!“ деб жавоб бердилар ва баъзи бир „шайтон“ларнинг „қурайшлик мушрикларнинг сон-саноқсиз лашкари бор“, деган васвасалари ҳам уларни қўрқита олмади, балки иймонларини зиёда қилди, холос. Улар пайғамбар алайҳис-салом билан бирга мушрикларнинг ортидан бориб Ҳамро ал-Асад деган жойда уларга етиб олдилар. Шунда Тангри таоло мушрикларнинг дилларига бир қўрқув солди ва улар мусулмонларга қарши жанг қилишга жур’ат қила олмадилар ва мусулмонлар эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар.

  • 175. Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!

Манбалар