Улои Шоший (15-аср) — шоир, мударрис. Асли тошкентлик бўлиб, Самарқандда, Улуғбек мадрасасида дарс берган. Алишер Навоий „Мажолис ун-нафоис“да „донишманд киши бўлиб, хуштабълигини ҳамма эътироф этар, Самарқанд аҳли муаммода уни Мавлоно Шарафиддин Али Яздийга тенг тутар эдилар“, деб ёзади.

Мадраса зинасидан йиқилиб, оёғи синганда Навоий ҳам шогирдларига қўшилиб уни кўргани борган ва ўша ернинг ўзида „Уло“ номига муаммо ёзиб, тақдим этган:

Дур бод аз ту дарди заҳмати по,

Душманатро бало насиб-у ано.

(Мазмуни: „Сендан оёқ оғриғи дарди узоқ бўлсин, душманингга бало ва машаққат насиб бўлсин“).

Навоий чиқиб кетганидан кейин кимлигини сўраб-суриштирган Улои Шоший унинг номига ҳам муаммо ёзиб, шогирдидан бериб юборади:

Чашми ту маро дид-у манаш сер надидам,

Чун сер бубинам, зи ту ин аст умидам.

(Мазмуни: Сени кўзинг мени кўрди-ю мен уни тўйиб кўролмадим, сендан умидим уни бир бор тўйиб кўриш)[1][2].

Манбалар

  1. ↑ Алишер Навоий: Қомусий луг'ат. 
  2. ↑ Мажолис ун-нафоис.