Uloq

Улоқ, (кўпкари) — Ўрта Осиё халқларининг қадимий оммавий, миллий ўйинларидан бири. Асосан, ғалаба ва ҳосил байрамлари, тўй ва сайиллар муносабати билан ўтказилган. Ҳукмдор ва ҳар хил амалдорлардан ташқари ўзига тўқ одамлар, ҳатто оддий аҳоли ҳам Улоқ ўйинларини ташкил этган. Кўпроқ хатна (чукрон) тўйларида расм бўлган. Улоқ туркий халклар, айниқса, унинг қўнғирот, қурама, минг, манғит, ойрат, ёйилма, кенегас, қипчоқ, барлос каби уруғлари орасида оммалашган. Улоқ томошалари олдидан махсус жарчилар қишлоқ, овулларга юборилиб, одамлар гавжум жойларда, бозорларда У. ким томонидан, қаерда, қачон ва нима мақсадда ўтказилаётганлигини ҳамда қўйиладиган совринларни эълон қилган. Турли жойда ҳар хил қоида бўйича (чортоқ, судратма, марра, пойга, пакка, минбар ва бошқа номлар билан аталган) У. ўйини уюштирилган. У. кўнгилочар томоша ёки шунчаки ўйин бўлмасдан ўғил болалар, йигитларни мард, жасур, эпчил, довюрак қилиб тарбиялаш вазифасини бажарган. У. ўйинлари от наслини яхшилашга, чидамли, тез ҳаракат қиладиган зотларини кўпайтиришга ёрдам қилган. Қорабайир, араби, ахалтекин, қурама, лақай, кустанай, қорабоғ ва ҳозирги Орлов от зотлари У.чи отлар қисобланади.
У. халқ ўйини, асосан, 2 қисмдан — солим (қоқма) ва пойтадан иборат. Солим (қоқма). Чортоқ устидаги баковуллар (ҳакамлар) улоқ (сўйилиб ички аъзолари, бош ва оёклари кесиб олинган эчки ёки бузоқ)ни тўдага ташлайди. Тўдадаги чавандозлар У.ни олиб, тортишиб, энг кучлиси У.ни маррага етказиб бериши лозим. Ким У.ни маррага ёлғиз ўзи ҳалол олиб келса, унга аввалдан белгиланган мукофот тақдим этилади. Катта тўйларда мукофотга пул, мато, кийим, гилам, қўчқор ва бошқа қўйилади. Пойга, у 2 турдан иборат: отда чавандознинг пойгаси (қаранг Пойга) ва У. билан чопиш пойгаси. У. билан пойгада белгиланган жойдаги У.ни олиш учун ҳакамлар рухсат бергандан кейин чавандоз от чоптириб бориб У.ни ердан кўтариб олиши ва маррага етказиши керак. Кейинги йилларда У. ўйинлари спорт турига киритилди ва Ўзбекистонда республика миқёсида расмий мусобақалар, халқаро турнирлар ўтказила бошланди (яна қаранг От спорти). 1998-йил Самарқанд вилоятининг Челак туманида, 1999-йил „Алпомиш“ достонининг 1000-йиллигига бағишланиб Навоий вилоятининг Хатирчи туманида республика мусобақалари ташкил қилинди. 1халқаро мусобақа Навоий вилоятидаги Исломобод жамоа хўжалигида бўлиб ўтди (1999-йил, 27—29 ноябр), унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари билан бирга Навоий, Самарқанд вилояти вакиллари алоҳида жамоа сифатида иштирок этди.
У.нинг спорт тури сифатида халқаро миқёсида 38 мамлакатда (2004-йил) тан олинишида Ўзбекистон от спорти ва улоқ федерацияси томонидан У. мусобақаларининг умумий қоидалари ишлаб чиқилиши ва Халқаро „кок бору“ (У. — кўпкари) федерациясининг таъсис этилиши (2001-йил 7—11 ноябр, Бишкек)нинг аҳамияти катта бўлди. Улоқ ўйини араблар босқини давридан буён бор.
Ўзбекистонда алоҳида Улоқкўпкари федерацияси тузилди (2002-йил 29 апрел). Федерация туман, вилоят, республика мусобақаларини уюштиради. Ад.: Сам и бе ков Р., Чавандознинг белбоги, Т., 1998; Йўлдошев С., Жўраев Н., Улоқ — шижоатли ва жасур суворийлар ўйини, Фарғона, 2002.
Талат Усмонхўжаев, Жўрақўзи Турдиматов.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Ҳаволалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |