Уммар Хайём (тахаллуси; асл исм-шарифи Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий) (1048.18.5, Нишопур — 1131.4.12) — математик, астроном, файласуф, ҳаким,физик ва мутафаккир шоир.

Умар Хайём
Асл исми форсча: امر خیام‎‎
Таваллуди 18-май 1048-йил
Вафоти 4-декабр 1131-йил(1131-12-04)
(83 ёшда)
Нишопур, Эрон
Касби шоир, олим, математик, файласуф,физик
Фуқаролиги Эрон

Нишопурда бошлангич маълумотни олгач, Балх, Бухоро ва Самарқандда таҳсил кўрган. Маликшоҳ ва Низомулмулк (1019-1092) даъвати билан 1074-йилда Исфаҳонда расадхона қурдирган ва унга раҳбарлик қилган. Юлдузлар жадвали (зиж), 1079-йилда янги ислоҳ қилинган тақвим (календар) тузган. Бу тақвим Европада ундан 500 йил кейин жорий қилинган Григорий тақвимидан ҳам аниқроқ бўлган. Ёзувчи Наби Жалолиддин ўзининг „Умар Хайём“ романида бунга тўлиқ изоҳ берган. Яъни Григорян тақвимига кўра ҳар 3333- йилда бир ортиқча кун юзага келади. Хайём календарида эса бир кунлик фарқ 5000-йилда содир бўлади.[1]

Умар Хайём илмда ҳам, ижодда ҳам ўзини шайх урраис Абу Али ибн Синонинг ҳассос ва садоқатли шогирди ҳисоблаган. Абу Али ибн Сино асарларини тушунмаган кишилар уларни изоҳлаш ва шарҳлашни ундан сўраганлар. У устозининг бир қатор асарларини арабчадан форсчага таржима қилиб, шарҳлаб берган, унинг ғоя ва қарашларини давом эттирган ҳамда тарғиб қилган. „Рисолат ул-кавн ват-таклиф“ („Коинот ва унинг вазифалари ҳақида рисола“), „Рисола фил вужуд“ („Борлиқ ҳақида рисола“), „Рисола фи куллиёти вужуд“ („Борлиқнинг умумийлиги ҳақида рисола“) каби фалсафий асарларида Ибн Синонинг вориси ва издоши сифатида намоён бўлган. 1077-йилда у юнон олими Евклид китобидаги бир неча геометрик шаклларни шарҳлаб ёзган „Рисола фи шарҳи мо ашкала мин мусодарат китоб ул-Иклидис“ („Евклид китоби муқаддималаридаги мушкулотлар шарҳи ҳақида рисола“) асарида бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб берган. „Рисола фил бароҳийн ала масойил ал-жабр вал-муқобала“ ["Алгебра ва муқобала (қаршилик назарияси) исботлари ҳақида рисола"], „Мушкулот ул-ҳисоб“ („Арифметика мушкулотлари“) асарларида у юнон олимларининг аниқ фанларга оид фикрларини араб тилида кенг шарҳлаш билан бирга, уларнинг қарашларини ривожлантирган, математик, физик тенгламаларнинг моделларини топган. ХИИ аср форс насрининг нодир намунаси ҳисобланган „Наврўзнома“ асарида Наврўзнинг келиб чиқиш тарихи, Шарқ халқларининг бу байрам билан боғлиқ анъана ва маросимлари кенг ёритилган, кўплаб ҳикоят ва ривоятлар келтирилган.

Хайём рубоийлари

Рубоий:

اسرار ازل را نه تو دانی و نه من
وین حرف معما نه تو خوانی ونه من
هست از پس پرده گفتگوی من و تو
چون پرده برافتد نه تو مانی و نه من

* * *

Асрори азалро на ту дониву на ман,
В-ин ҳарфи муаммо на ту хониву на ман.
Ҳаст аз паси парда гуфтугūи ману ту,
Гар парда дарафтад, на ту мониву на ман….

* * *

Асрори азални сану ман билмасмиз,
Бу ҳарфи чигални сану ман билмасмиз.
Ҳар нечаки сўзладик, дедик парда оша,
Чу пардаки тушди, сану ман билмасмиз…

Умар Хайёмга унинг рубоийлари оламшумул шуҳрат келтирган. Уларда шоир дунё, одам ҳақида, ҳаёт мазмуни ҳақида фикр юритади. Рубоийларида у материянинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши, эскининг емирилиб, янгининг пайдо бўлишини (кулол, кўза, тупроқ ҳақидаги рубоийлар ва ҳоказо) ифодалайди. Умуман, ишқ ва ҳаёт, инсон тафаккурининг қудрати, умрнинг маъноси, инсоний фазилат ва қусурлар, маърифат ва жаҳолат каби мавзулар шоир рубоийларининг асосини ташкил этади. Тез-тез учраб турадиган май образи эса илоҳий муҳаббат, ҳаёт лаззатларини улуғлаш воситасидир. Фирдавсий маснавийни, Ҳофиз ғазални қанчалик такомилга етказган бўлсалар, Хайём ҳам рубоийни шунчалик юксак мавқега кўтарди. Хайём рубоийлари дунёнинг деярли барча асосий тилларига таржима қилинган. Бу рубоийлар ўзидан кейинги Шарқ адабиётига кучли таъсир кўрсатган. ХИХ асрдан Ғарбда ҳам машҳур бўлган. Айнан у туфайли рубоий жаҳон сўз санъатининг машҳур жанрларидан бирига айланган. У ўзининг фалсафий жиҳатдан теран ва сермазмун рубоийлари билан Шарқ шеъриятида фалсафийликнинг чуқурлашувига катта ҳисса қўшган.

Америкада Умар Хайём асарлари асосида театрлаштирилган саҳна асари, Лондонда махсус хайёмхонлар саройи мавжуд. Уларда шоир рубоийлари ҳам аслида, ҳам таржимада бадиий сўз усталари, моҳир нотиқлар томонидан ўқилади. Шарқда бундай саҳна асари — „Ўз-ўзим билан суҳбат“ Тожикистон халқ артисти Маҳмуджон Воҳидов томонидан яратилган. Шерали Жўраев, Фаррух Зокировлар ҳам Хайём рубоийлари асосида қўшиқлар яратганлар.

Хайём рубоийларини ХХ аср бошларидан бошлаб ўзбек тилига таржима қилишга киришилган. 1914-йил „Шўро“ журналининг бир неча сонларида шоирнинг рубоийлари илмий шарҳи билан насрий таржимада эълон қилинган. Фитрат „Форс шоири Умар Хайём“ номли рисоласида (1929) унинг 35 та рубоийсини насрий таржимада келтирган. Кейинчалик Ф.Абдуллаев унинг 14 та рубоийсини шеърий таржима қилган. Хайём рубоийлари таржимаси асосан Ш. Шомуҳамедов номи билан боғлиқ: шоир рубоийлари унинг таржимасида бир неча марта босилиб чиққан. Сўнгги йилларда Умар Хайём рубоийларининг Ж.Камол, Э.Очиловлар томонидан арузда қилинган янги таржималари пайдо бўлди. 2001-2004-йилларда Наби Жалолиддин Умар Хайём ҳаётига бағишланган роман ёзди. Бу ажойиб роман Хайём руҳиятининг барча қирраларини тўла намоён этган.

Манбалар

  1. ↑ Наби Жалолиддин. "Умар Хайём" романи.