Унгур — гумбаз шаклидаги шипли ва оғзи кенг, унча чуқур бўлмаган ғор; тор йўлакдан сўнг ғорнинг кенгайган қисми; эриган сувлар оқиб чиқиб кетадиган муз тили учидаги чуқур. Йирик У. баландлиги 100 м ча бўлади, эни бир неча 100 м га етиши мумкин. У., асосан, тоғ жинсларининг ер ости, кам ҳажмда денгиз сувлари таъсирида эришидан юзага келади. Тектоник ёриқлардаги буткул тўлиб қолмаган бўшлиқлар ҳам У. деб аталади. У.да кўп ҳолларда боксит, фосфорит, гипс ва ҳоказо тўпланади. У.лар қурилиш ишлари (йўл қуриш, газ ва нефт қувурлари ўтказиш)га салбий таъсир кўрсатади. У.дан саноат чиқиндиларини кўмиб ташлаш, нефт ва бошқаларни сақлаш учун сиғим сифатида фойдаланилади. Баъзи У.лар туризм объекти ҳисобланади. Ўзбекистонда Туркистон, Нурота, Чатқол тоғларида кенг тарқалган. Павилон кўринишидаги сунъий У.лар 17— ХВИИИ асрларда Европа боғпарк меъморлигида кенг урф бўлган.