Unli tovushlar
Унли товушлар – оғиз ва бўғиз бўшлиғида ҳеч қандай тўсиққа учрамай ҳосил бўладиган, таркиби овоздан иборат (шовқин деярли иштирок этмайдиган) товушлар. Ҳар бир тил ўзига хос унлилар тизимига эга. Тилдаги унлилар тизими вокализм (лотинча: воcалис – унли товуш) дейилади. Унли товушлар сони турли тилларда турличадир. Масалан, ҳозирги ўзбек адабий тилида унли товушлар 6 та бўлса, бошқа туркий тилларда 8 та, 10 та ва ундан ҳам ортиқдир. Бу миқдор рус тилида 5 тани, франсуз тилида эса 18 тани ташкил этади.
Унли товушлар бир неча жиҳатдан тасниф этилади. Бу таснифларнинг ўзбек тилидаги 6 та унли фонема (и, э, а, о, у, ў) мисолида кўриб чиқиш мумкин. Унлилар дастлаб тилнинг ҳаракати ва лабнинг ҳолати (иштироки) нуқтаи назаридан турларга ажратилади. Тилнинг ҳаракатида 2 ҳодиса фарқланади: тилнинг ётиқ (ёнлама) ҳаракати; тилнинг тик (вертикал) ҳаракати. Тилнинг ётиқ (ёнлама) ҳаракатида ҳосил бўлиш ўрнига кўра унлилар 2 турга бўлинади: тилолди (ёки олд қатор) унлилари – и, э, а ҳамда тилорқа (ёки орқа қатор) унлилари – о, у, ў. Тилнинг тик ҳаракатига кўра унли товушлар 3 турга бўлинади: юқори кўтарилиш унлилари (и, у), ўрта кўтарилиш унлилари (э, ў), қуйи кўтарилиш унлилари (а, о).
Лабнинг ҳолати (иштироки)га кўра унлилар 2 га бўлинади: лабланган унлилар (у, ў,о) ва лабланмаган унлилар (и, э, а, ). Лабланган унлилар талаффуз қилинган вақтда лаблар фаол иштирок этади: лаб чўччайиб, олдинга чиқади, думалоқ шакл олади. Лабланмаган унлилар талаффузида лаблар иштирок этмайди ёки лаблар иштироки пассив бўлади.
Товушнинг ҳосил бўлишида кетадиган вақтнинг миқдорига кўра унли товушлар 2 турга бўлинади: чўзиқ унли; қисқа унли. Чўзиқ унли давомли (чўзиқ) талаффуз этиладиган унли товушлардир. Бундай товушлар кўпинча маъно фарқлаш учун хизмат қилади. Бу ҳодиса туркий тилларнинг баъзиларида, шунингдек, айрим ўзбек шеваларида учрайди. Масалан, туркман тилида а:ч (қорним оч) ва ач (эшикни оч), ба:р (менда бор) ва бар (ишга бор), а:т (ном, исм) ва ат (йилқи) ва бошқа Қисқа унлилар талаффузига чўзиқ унлига нисбатан оз вақт кетади.
Яна қаранг
Адабиёт
- Ҳозирги ўзбек адабий тили, 1қисм, Т., 1980; Реформацкий А. А, Введение в язиковедение, М., 1998.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |