Уоллис ва Футуна — Тинч океанининг жанубий қисмида жойлашган ороллар бўлиб, улар Гавайи ва Янги Зеландиянинг ўртасидаги масофанинг тахминан учдан икки қисмида жойлашган. Шимолда Тувалунинг, шарқда Самоанинг, жануби-шарқда Тонга, ғарб ва жанубда эса Фижининг ҳудудий сувлари билан чегарадош.

Бошқарув шакли

Франсиянинг денгизорти ҳамжамияти.

Давлат раҳбари — Франсия президенти Эммануэл Макрон. Унинг номидан оролларда Олий маъмур иш олиб боради. У Франсия ички ишлар вазирлиги кенгашида тасдиқланади. У ҳукумат раҳбари бир вақтда Ҳудудий Ассамблея президенти ҳисобланади.

Бош қонунчилик органи бир палатали Ҳудудий Ассамблея. 5 йил муддатга сайланадиган 20 нафар аъзодан иборат.

Уоллис ва Футуна ҳудуди Франсия Сенатига бир нафар сенаторни ва Миллий Ассамблеяга бир нафар депутатни сайлайди.

Бу ерда халқ ҳаракати учун иттифоқ, Социалистик партия, Франсия демократияси учун иттифоқ партияларидан ташқари, Уоллис ва Футуна халқлари овози, Уоллис ва Футуна учун иттифоқ, Сигава Миллий ассоциацияси каби сиёсий кучлар фаолият кўрсатади.

Бўлиниши ва аҳолиси

Уоллис ва Футуна учта округга (Ало, Сигава ва Увеа) бўлинади.

Аҳолининг 85 фоизи туб жой полинез халқлари (уоллис ва футунанлар), 8,1 фоизи франсузлардир. Аҳолисининг учдан бир қисми Футунада, учдан иккиси Увеада яшайди.

Расмий тили — франсуз тили. Маҳаллий аҳоли уоллис ва футуна тилида ҳам сўзлашади. 99 фоизи халқ католик динига эътиқод қилади.

Жойлашуви ва табиати

Уоллис ва Футуна Тинч океани жанубий қисмидаги орол. Гавайи ва Янги Зеландия ўртасида жойлашган. Бир-биридан 230 км узоқликдаги икки ороллар гуруҳидан иборат. Таркибига учта йирик (Увеа, Футуна ва Алофи) 22 та кичик ороллар киради. Шимолда Тувалу ва шарқда Самоа ҳудудий сувлари билан, жануби-шарқда Тонга, ғарбда ва жанубда Фижи билан чегарадош.

Бу оролларда доимий зилзилалар, довул ва тўфонлар содир бўлиб туради. Футунада 50 та кичик дарёлар бор. Иқлими тропик пассатли, намчил, доимий иссиқ. Йиллик ўртача ҳарорат +25...26°C атрофида. Уоллисда йилига 2500—3000 мм, Футунада 4000 мм гача ёғин ёғади. Ўрмонлар оролларнинг 44 фоизини эгаллайди.

Тарихи

1000—1500-йилларда бу ерга аҳоли кўчиб кела бошлади. Тонгаликлар оролда устун мавқега эга эди ва 1400-йилда қиролликка асос солишди. Футунада 1565-йили Ало қироллиги ташкил этилган. 1784-йили Сигава қироллиги қарор топди.

Голландияликлар 1616-йил 28-апрелда оролга қадам қўйишган. Ороллар 1766—1768-йилларда дунё бўйлаб саёҳат қилган ва бу ерда бўлган инглиз денгизчиси Самуэл Уоллис номига қўйилган. 1842-йилда Уоллис ва Футуна Франсия ҳимояси остида эркин ва мустақил, деб эълон қилинди. 1886-йилда ороллар бирин-кетин Франсиянинг протекторатига айланиб борди. 1888-йили “Уоллис ва Футуна” бирлашган протекторати эълон қилинди.

1917-йили Уоллис ва Футуна колонияси деб номланди ва Янги Каледония бошқаруви остига ўтди. Иккинчи жаҳон уруши даврида бу ерда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ва аскарлари базаси очилди. Урушдан кейин яна Франсияга бўйсунди.

1961-йили у Франсиянинг денгизорти ҳудуди мақомини олди. 2003-йилдан Денгизорти ҳамжамияти деб аталмоқда. Ички сиёсатини ўзи мустақил амалга оширади, ташқи ва ҳарбий сиёсати Франсия томонидан бошқарилади.

Иқтисодиёти

Истеъмол қилинаётган маҳсулотларнинг катта қисми ўзида ишлаб чиқарилади. Паррандачилик, чўчқачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик яхши ривожланган. Банан, лимон, маниок, манго, кокос палмаси, папая, нон дарахти, таро, сабзавотлар етиштирилади. Эркин иқтисодий ҳудуди 266 минг квадрат километр. Иш излаб аҳолининг катта қисми хорижий давлатларга чиқиб кетмоқда.

Асосий савдо шериклари — Франсия, Италия, Янги Каледония, Сингапур, Австралия, Фижи ва Янги Зеландия.

Асосан, ҳаво ва сув транспортидан фойдаланилади. Автомобил йўлларининг умумий узунлиги 120 км.

Ташқи сиёсати

Уоллис ва Футуна Тинч океани ҳамжамияти котибияти (1947-йил) аъзоси. Тинч океани ороллари форуми (2006-йил) кузатувчиси саналади.

Адабиётлар

  • Лазиз Раҳматов. «Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача». Тошкент, 2019-йил