Ur davlati
Ур давлати (шумерча Урим) — Қадимги шаҳар-давлат. Носирия шаҳри (Ироқ)дан 20 км жануби-ғарбда, Тел-Муқайяр шаҳар харобаси ўрнида жойлашган. Инглиз олимлари Д.Тейлор (1854-йил), Р. Кемпбелл-Томпсон (1918-йил), Р.Холл (1919-1922-йиллар) ва айниқса, Л.Вулли раҳбарлигидаги Англия-Америка экспедицияси (1922-1934-йиллар) томонидан кенг кўламда ўрганилган. Археологик тадқиқотлар Ур ўрнида мил. авв. 5-мингйиллик охирида қишлоқ вужудга келгани ва у Убайд маданиятига мансублигини аниқлади. Мил. авв. 4-мингйилликда Урук даврида Ур шаҳар сифатида шаклланган. Қазишмалар натижасида топилган энг кўп ва қизиқарли ёдгорликлар Урда И ва ИИИ сулолалар ҳукмронлиги даврига мансуб (мил. авв. 25 ва 21-асрлар). И-сулолага мансуб 16 та мақбарага (кўпчилиги қадимда талон-торож қилинган) ҳукмронлар ва уларга қурбонлик қилинган жангчилар, арфа чалувчи аёллар, аравакашлар қўшиб дафн қилинган. Бу топилмалар дафн маросими ҳақида тасаввур қилиш имконини беради. Шумер санъатининг ноёб намуналари; олтин дубулға, олтин идишлар ва арфалар, тинчлик ва уруш саҳналари акс эттирилган мозаикали байроқ (туғ)лар шу даврга оид. ИИИ-сулола ҳукмронлиги даврига мансуб шаҳарнинг қалин мудофаа девори, сарой, ибодатхона девори қолдиқлари чиққан; ибодатхона марказида 3 қаватли зиккурат (баландлиги 42 м) ва бошқа иншоотлар жойлашган. Мил. авв. 25 асрда, Урнинг И-сулоласи даврида (Месанепада, Аанепада ҳукмронлиги ва б.) Ур кучли давлат бўлган. Мил. авв. 24-22 асрлар мобайнида (бироз танаффуслар билан) қўшни шаҳар-давлатлар Умма, Урук, Аккад, гутийларга қарам бўлган. Мил. авв. тахминан 21 асрда „Шумер ва Аккад подшолиги“ (Урнинг ИИИ-сулоласи) пойтахтига айланган. Подшо Ур-Намму даврида (мил. авв. 21 аср) Месопотамиядаги энг қадимги ҳуқуқий низом яратилган. Урнинг ушбу даври тарихи учун шоҳларнинг катта хўжаликлари, қуллар, қароллар („гуруш“ ва „гим“) мавжудлиги хос бўлган. Мутлақ подшо ҳокимиятининг мафкуравий асослари яратилган (маъбудларга сажда қилишнинг ягона тизими „подшо ҳокимиятининг абадийлиги“ ва б.). ИИИ-сулоланинг кейинги 4 подшоси (Шулги, Амар-Суэн, Ши-Суэн, Ибби-Суэн) ҳаётликлари чоғларида илоҳийлаштирилганлар. Урнинг ИИИ-сулоласи даврида шумер тилидаги маданият равнақ топган, бироқ аккад тили ҳам тарқала бошлаган. ИИИ-сулола давлати мил. авв. тахминан 2000-йилда Элам ва аморийлар билан бўлган уруш жараёнида қулаган. Ур Бобил (мил. авв. 18-6 асрлар) ва Аҳамонийлар подшоликлари (мил. авв. 6 асрдан) қўл остида муҳим савдо-ҳунармандчилик маркази сифатида қолган; мил. авв. 4 асрга келиб Ур таназзулга учраган.
Манбалар
- Эргашев Ш. „Қадимги Сивилизациялар“. — Тошкент: „Ўзбекистон“ НМИУ, 2016.
- Бойназаров Ф. А. „Қадимги дунё тарихи“. –Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2004.
- Кабиров А. „Қадимги шарқ тарихи“. — Тошкент: „Тафаккур“, 2016.
Адабиётлар
- Бекмуҳаммадов Ҳ. Й. Тарих терминларининг изоҳли луғати. Тошкент, Ўқитувчи, 1986.
- Бобоева М. Қ., Қурбонгалиева Р. С. Қадимги дунё тарихидан изоҳли луғат. Тошкент, Ўқитувчи, 1992.
- Қадимги дунё тарихи: (мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, абитуриэнтлар ва тарих фани ўқитувчилари учун қўшимча қўлланма).Тузувчи-муаллифлар: Ф.Султонов ва бошқ.; Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Республика Таълим маркази, Ўзбекистон Республикаси ФА Тарих институти. –Т.; О`збекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриёти, 2007.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |