Urani Rumbo
Урани Румбо (20-январ 1895 — 26-март 1936) — албаниялик феминист, ўқитувчи ва драматург. Албания аёллари ҳуқуқларини илгари сурувчи турли уюшмаларни ташкил этган. Улар орасида энг муҳими „Лидҳжа э Груас“ (Аёллар иттифоқи) бўлиб, Албаниядаги илк нуфузли феминист ташкилотлардан бири бўлган[1].
| Урани Румбо | |
|---|---|
|
Урани Румбо | |
| Таваллуди |
20-январ 1885-йил Стегопул, Либоҳовë, Усмонийлар империяси |
| Вафоти |
26-март 1936-йил (51 ёшда) Влора, Албания |
| Касби | Ўқитувчи |
| Машҳур ишлари | Аёллар етакчиси |
| Отаси | Спиро Румбо |
| Онаси | Атина Румбо |
Ҳаёти
Урани Румбо 1895-йил декабрда ҳозирги Албаниянинг жанубида, Гжирокастëр ҳудуди яқинидаги Стегопул қишлоғида туғилган. Отаси Спиро Румбо яқин атрофдаги қишлоқларда ўқитувчи бўлиб ишлаган, онаси Атана эса уй бекаси эди. Унинг Корнил, Тҳанас ва Дҳимитëр Румбо исмли уч акаси ҳамда бошланғич мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган Эмили исмли опаси бўлган[1].
Урани Румбо бошланғич таълимини отаси ўқитувчи бўлиб ишлаган Филиатес мактабида олган. У ерда 6-синфни тамомлаган. Шу билан бирга, у машҳур албан фолклоршунослари ва ёзувчиларининг асарлари билан танишган[1]. Румбо албан ва юнон тилларида равон ёза олган, 15 ёшидан бошлаб албан адабиётидан дарс бера бошлаган. 1910-йилдан у Иоаннинадаги ўрта мактабда таҳсил олган, бироқ унинг таълими Болқон урушлари сабабли тўхтаб қолган[1]. Уруш пайтида Румбо италян ва франсуз тилларини мустақил ўрганган.
1916–1917-йилларда Румбо Албаниянинг жанубидаги Дҳоксат шаҳарчасида албан адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлади. 1917–1918-йилларда Мингул ва Ноковëда дарс берди, 1919-йилда эса Гжирокастëрдаги Де Рада мактабида ўқитувчилик қилди[1]. 1919-йилда у аёлларнинг саводсиз бўлиб қолиши ҳамда уларни уй хўжалигининг муайян қисмлари билан чеклаб қўйилишига қарши ташаббусини илгари сурди. 1920-йилда у Кото Ҳохҳи номи билан аталган мактаб очди[1]. Кото Ҳохҳи мактаби Гжирокастëрнинг барча ҳудудларидан ва турли дин вакиллари бўлган қизлар учун 5 йиллик бошланғич мактаб бўлган. Бир неча йилдан сўнг Румбо ушбу мактаб директори бўлган[1].
Албанияда 1921–1924-йиллардаги демократик ҳаракат даврида Румбо маҳаллий „Демократиа“ ва „Дрита“ газеталарида албан аёллари дуч келган муаммолар, айниқса, таълим масаласи ҳақида мақолалар чоп эттирди[1]. Шу даврда у аёллар учун тикувчилик, каштачилик, қишлоқ хўжалиги, мусиқа ва боғдорчилик бўйича ўқув курсларини йўлга қўйди[1]. Шунингдек, у театр асарлари ёзиб, уларни саҳналаштирди ҳамда қизларни жамоат ҳаётида иштирок этишга ундаш учун мактаб театр томошаларини ташкил қилди[манба керак].
1920-йил 23-ноябрда Ҳашибе Ҳаршова, Нахҳиже Ҳохҳа ва Хҳемиле Балили билан бирга Гжирокастëрда аёлларни озод этишни тарғиб этган Албаниянинг энг муҳим феминист ташкилотларидан бири — „Лидҳжа э Груас“га асос солди[1]. Улар „Дрита“ газетасида ижтимоий шароитлар ва аёлларга нисбатан камситишга қарши норозилик билдирган баёнот эълон қилдилар[1]. Шунингдек, 1923-йилда Урани Румбо бошқа аёллар билан бирга қизларнинг Гжирокастëр лицейига ўғил болалар каби қатнашиш ҳуқуқи учун кампания бошлаган[1]. Ҳозирда Гжирокастëр шаҳрида Урани Румбо номи билан аталган мактаб фаолият юритмоқда[2].
1924-йил 25-июлда Румбо „Пëрмирëсими“ („Яхшилаш“) феминистик ташкилотини тузди. Ушбу ташкилот турли ижтимоий қатламлардан бўлган аёллар учун таълим курсларини ташкил этди. 1930-йил 4-июлда у ҳокимият томонидан Кото Ҳохҳи мактабининг қиз бола ўқувчиларини театр саҳналарида чиқишга ундаганликда айбланди[1]. Румбо „Демократиа“ газетасида бунга жавобан бир мақола чоп эттириб, ўзига қўйилган айбловларни бемаъни дея қоралади. Бутун Албания бўйлаб жамоатчилик фикри уни қўллаб-қувватлаганига қарамай, таълим вазирлиги уни Влорага жўнатди ва Урани Румбо 1936-йил 26-мартда вафотига қадар ўша ерда фаолият юритди[1].
Манбалар
- ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 1,11 1,12 1,13 де Ҳаан, Франcиска; Красимира Даскалова; Анна Лоутфи. Биограпҳиcал диcтионарй оф wомен'с мовеменц анд феминисмс ин Cентрал, Эастерн, анд Соутҳ Эастерн Эуропе: 19тҳ анд 20тҳ cентуриэс, Г - Референcе, Информатион анд Интердисcиплинарй Субжеcц Сериэс. Cентрал Эуропеан Университй Пресс, 2006 — 475–77-бет. ИСБН 963-7326-39-1.
- ↑ Гжирокастëр, школла „Урани Румбо“ нë протестë пëр ужë Wайбаcк Мачинедаги асл нусхадан архивланган архив нусхаси. (24-апрел 2016-йил) [1]