Урбанизм (лотинча: „урбс“ — шаҳар) — 1) санъат ва адабиётда — йирик шаҳарларнинг ва шаҳар ҳаётининг тасвири, тавсифи;

2) меъморликда — ХХ аср шаҳарсозлигида юзага келган оқим, йўналиш. Бу оқим тарафдорлари шаҳарларни йириклаштиришга чақирдилар: бу эса шаҳарларда кўп қаватли баланд ва катта иморатларнинг тиғиз, жадал қурилишига, аҳолининг нормал яшаш шароитидан маҳрум қилишга олиб келди. Урбанизм назарияси қарор топишида ва, айниқса, ХХ асрнинг 20-йилларига келиб тез суръатда ривожланишига Ле Корбюзе фаолияти таъсири кучли бўлди. Урбанизм тушунчаси кўпинча шаҳар қурилиши синоними маъносида ҳам қўлланади.