Uremiya
Уремия (юн. урон — сийдик ва ҳаима — қон) — буйрак фаолияти етишмовчилиги натижасида организмнинг сийдик билан заҳарланиши. Оғир кечади. У.да буйрак сув ва туз алмашиниши, кислотаишқор мувозанатини ростлай олмай қолади, оқсил алмашинувининг заҳарли маҳсулотлари тўпланади, нервгормонал регуляция ҳам ўзгаради, бу эса организмдаги барча аъзо ва системалар фаолиятининг бузилишига олиб келади. У уткир ва сурункали кечади.
Ўткир У. буйракнинг ўткир етишмовчилиги оқибатида юзага келади. Буйракнинг ўткир етишмовчилиги оғир шикастланишлар, куйиш, совуқ олиши, қон йўқотиш, сувсизланиш, аллергия, заҳарланиш, сепсис оқибатида юзага келадиган шок натижасида умумий қон айланиши бузилишидан пайдо бўлади. Сурункали У. буйракда қон айланишининг бузилишидан (буйрак томирларининг бекилиб қолиши), буйрак касалликлари (оғир, ўткир нефрит, сурункали нефрит, пиелонефрит) туфайли, сийдик йўлларининг тўсилиб қолиши (тош, ўсма, яллиғланиш инфилтрати) сабабли юзага келади. Лоҳасланиш, қуввацизлик, тез чарчаш, бош оғриши, яхши ухлай олмаслик, иштаҳа йўқолиши, хотиранинг пасайиши У. нинг дастлабки белгиларидир. Бемор ҳадеб ташна бўлаверади, териси оқариб, қуруқ бўлиб қолади, қичишади, тез озиб кетади. Қонни текширганда унда азот чиқиндилари кўпайиб кетганлиги аникланади. У.нинг сўнгги босқичларида қондаги мочевина ва бошқа моддалар тери, шиллиқ ҳамда сероз парда орқали чиқа бошлайди ва шу жойларда турли ўзгаришлар пайдо қилади. Натижада уремик гастрит, колит, плеврит, перикардит белгилари юзага келади. Жигар, кўмик функсиялари бузилади, беморнинг қони камайиб боради, айрим аъзолардан қон кетади, кўз хиралашади. Ўз вақтида тегишли даво тадбирлари кўрилмаса, уремик кома вужудга келади; бемор касалхонада даволаниши керак.
Сурункали У. билан оғриганларга оқсили жуда кам бўлган парҳез таомлар буюрилади, ош тузи ҳам чеклаб қўйилади, шу йўл билан касаллик ривожланишининг олди олинади. Сурункали У.нинг олдини олиш буйрак ва сийдик йўллари яллиғланишини ўз вақтида даволатишдан иборат. Доимо врач кузатувида бўлиб, сийдик ва қон таҳлиллари назорат қилиб турилса, У. нинг олдини олиш мумкин.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |