Усмон Носир (1912–1944) – ўзбек шоири, таржимон, драматург.

Усмон Носир
Таваллуди 1912-йил 13-ноябр
Наманган, Туркистон ўлкаси, Россия империяси
Вафоти 1944-йил 9-март
Суслово қишлоғи (ҳозирги Первомайское қишлоғи), Маринск тумани,
Кемерово вилояти, СССР
Фуқаролиги →Sovet Ittifoqi

Болалиги

Усмон Носир 1912-йилнинг 13-ноябрида Наманган шаҳрида туғилди. Отасидан етим қолган Усмон Носир Қўқондаги интернатда тарбияланади. Истеъдодли ўсмир у ерда рус ва жаҳон адабиётининг сара намуналари билан танишади.

Таълими

Интернатни битиргач, 1931-йилдан Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университети (ЎзДУ) нинг филология факултетида ўқиди.

Қатағон

1937-йил 13-июлда шоир „халқ душмани“ сифатида ҳибсга олиниб, 58-модда билан судланади ва аввал Златоуст қамоқхонасига, сўнгра Владивосток ва Магадан лагерларига жойлаштирилади. 1943-йилда Кемерово вилоятининг Мариинский туманидаги лагерга юборилади.

1940-йил 20-августда Усмон Носир Магадан қамоқхонасидан Иосиф Сталин номига ариза юборади ва унда у унинг „ишини“ қайта кўриб чиқишни сўрайди. Бу ариза Иосиф Сталин, Лаврентий Берия томонидан кўриб чиқилди ва улар томонидан маъқулланди. Ўзбекистон раҳбари Носиров Усмон „ишини“ қайта кўриб чиқиш тўғрисида буйруқ олади. 1944-йил охирига келиб комиссия тузилиб, Усмон Носир бегуноҳ деб топилади ва реабилитация қилинади.

Вафоти

Аммо шоир реабилитация қилингунга қадар яшамади. У 1944-йил 9-мартда вафот этади ва 15-мартда Кемерово вилоятида яшовчи А. М. Сирота томонидан Суслово қишлоғи (ҳозирги Первомайское қишлоғи) қабристонига дафн қилинади.

Ҳар йили Кемерово вилоятининг Кемерово шаҳрида шоир хотирасига бағишланган адабий ўқишлар бўлиб ўтади. У ерда Усмон Носирнинг уй-музейи мавжуд бўлиб, унда шоирнинг шеърлари ўқилади. Яна у ерда Усмон Носирга ҳайкал ҳам ўрнатилган.[1]

2003-йилда атоқли ўзбек шоири ва драматурги Усмон Носир таваллудининг 90 йиллиги, 2022-йилда эса 110 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланди.

Ижоди

Болалигидан шеърлар ёза бошлаган Усмон Носир бадиий ижод билан бор йўғи ўн беш йилгина, яъни қамоққа олингунча астойдил шуғулланди. Шу фурсатда ўзининг қанчалик нодир истеъдодга эга эканлигини яққол кўрсатди. Ёш шоирнинг „Қуёш билан суҳбат“ (1932), „Сафарбар сатрлар“ (1932), „Тракторобод“ (1934), „Юрак“ (1935), „Меҳрим“ (1935) каби шеърий тўпламлари ҳамда „Норбўта“ (1932) ва „Нахшон“ (1935) каби достонлари ва „Атлас“, „Зафар“, „Сўнгги кун“, „Душман“ каби драмалари босилди. Усмон Носир ўзбек шеъриятига янги оҳанг, янги руҳ, янги образлар олиб кирди. У шеърларида алангали туйғуларини жиловламас, дилида кечаётган туғёнларни сусайтирмас, инсон руҳий дунёсини пўртаналар ичида кўрсатарди. Шоирнинг:

Тингла, эркам, ўртоғимсан,
Кўнглимни очай.
Қоним шеър бўлиб оқсин-да,
Мен қайта ичай.

сингари мисралари бунга мисолдир. Ўзбек шеъриятида туйғуларни бор бўйича, долғали кўрсатиш анъанаси йўқ эди. Миллий шеъриятимиз одоб, андиша қолипларидан четга чиқмасликка уринарди. Усмон Носир ана шу қолипларни бузишга жур’ат қилган биринчи шоир бўлди. Шоирнинг ўз туйғуларини:

Севги! Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган?
Дардинг ёйдай тилиб кўксидан,
Ким қалбидан қонлар тўкмаган?

тарзида тасвирлаши миқёси, кўлами ва таъсирчанлигига кўра мислсиз поэтик ҳодиса эди. Шоирнинг: „Илҳомимнинг вақти йўқ селдай келади, Жаллоддек раҳм этмай дилни тилади, Аёндир бир куни айлайди хароб“ шаклидаги иқрори, айни вақтда, улкан бадиий кашфиёт ҳамдир.

Усмон Носир шеъриятига хос энг рангин хусусиятлар унинг „Юрак“, „Нил ва Рим“, „Монолог“, „Насимага деганим“, „Яна шеъримга“, „Бегона“, „Ёшлик“ сингари ўнлаб битикларида ёрқин намоён бўлган[2][3].

Номини абадийлаштириш

  • Россия Федерацияси Кемерово вилоятининг Мариинск шаҳрида Усмон Носирга ҳайкал ўрнатилган[4];

Манбалар

  1. ↑ „Кемеровода Усмон Носир ҳайкали очилди“ (2023-йил 5-сентябр). 2023-йил 5-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 5-сентябр.
  2. ↑ Мирвалиэв С. Ўзбек адиблари. -Т.: „Ёзувчи“, 2000.
  3. ↑ Қ. Йўлдошев, Б. Қосимов. Адабиёт (7-синф дарслиги). -Т.: „Ўқитувчи“. 2000.
  4. ↑ „Кемеровода Усмон Носир ҳайкали очилди“. Хс.уз (5-сентябр 2023-йил). 2023-йил 8-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 8-сентябр 2023-йил.