Usmon Umarov
Усмон Умаров (1938-йил январ, Сурхондарё) —– сиёсат ва иқтисод фанлари ривожига ҳисса қўшган олим, профессор.
| Усмон Умаров | |
|---|---|
| Таваллуди |
1938-йил январ |
| Касби | Педагог |
| Унвони | Профессор |
| Отаси | Холмурод Умаров |
| Онаси | Хурдона Қулмуродова |
Ҳаёти
Усмон Умаров 1938-йилнинг январ ойида, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида таваллуд топган. Отаси Холмурод Умаров ва онаси Хурдона Қулмуродова ўқитувчи бўлишган. Усмон Умаров педагоглар оиласида тарбия олган. 1946-йилда етти йиллик мактабни тугатиб, Термиз педагогика билим юртида таҳсил ола бошлаган. Умаров ушбу билим даргоҳида Темир Мирзаев, М.Тухватулина, Сахобуддинов, Қори Усмонов сингари тажрибали педагоглардан таълим олган[1].
Иш фаолияти
1949-йил Термиз педагогика билим юртини тамомлагач, Шеробод туманига ишлаш учун йўлланма олган. 1949-йилдан бошлаб 1953-йилга қадар Шеробод туманида жойлашган етти йиллик мактабларда физика-математика ва тарих фанларидан ўқувчиларга дарс берган. Усмон Умаров 1952-йилда Совет Иттифоқи Коммунистик партиясига (КПСС) аъзо бўлган. 1953-йилнинг феврал ойидан сентябр ойига қадар математика фанидан Шеробод ва Ангор туманида жойлашган етти йиллик мактабларда дарс берган. Шу билан бир қаторда, Ангор тумани партия комитетининг пропаганда ва агитация бўлимида мудир ўринбосари лавозимида ҳам фаолият олиб борган. 1953—1957-йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг тарих йўналишида ўқишни давом эттирган. Институтда Усмон Умаров тарих фанлари доктори, профессор Ш. Абдуллаев, Й.Ғуломов, Э.Нуриддинов ҳамда иқтисод фанлари доктори, профессор О.Аминов, И.Ўлмасбоевлардан сабоқ олган. Институтни тугатгач яна Сурхондарёга қайтган ва Термиз шаҳрида жойлашган Менделеев номидаги ўрта мактабда озроқ муддат ишлаган. 1957-йилнинг декабр ойидан бошлаб туман партия комитетининг директори сифатида фаолият олиб борган[1].
Ижодий фаолияти
1959-йилда Усмон Умаровнинг „Сурхондаё области етти йилликда“ номли илк брошюраси нашр этилган. Брошюрада Сурхондарёнинг 1955—1959-йиллардаги иқтисод ва маданият соҳаси ривожи аниқ маълумотлар билан кўрсатиб берилган. 1961-йилда „Сурхондарё областидаги муқаддас деб аталувчи жойлар тўғрисида“ деган илмий мавзудаги ма’рузада иккинчи ўринни эгаллаган ҳамда пул мукофотига сазовор бўлган. 1961-йилнинг октябр ойида Тошкент Давлат педагогика университетининг аспирантурасига ўқишга қабул қилинган. Аспирантурани катта ўқитувчи ва доцент бўлиб тамомлаган. 1967-йилнинг 30-сентябр кунида Тошкент Давлат университети Советида иқтисод фанлари номзодлиги учун диссертация ҳимоя қилган ва иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олган. Шу билан бир қаторда олим бир нечта диссертацияларни муваффақиятли ҳимоя қилган. Жумладан, „Колхозларда жамоат истеъмол фондлари ва уларнинг колхозчилар моддий ҳамда маданий фаровонлигини оширишдаги роли“ мавзусидаги диссертацияда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини аниқ далиллар билан асослаб берган. Диссертацияда яна бир қанча мавзулар ҳам ёритилган. Умаровнинг сиёсий-иқтисодчи бўлиб етишишида иқтисод фанлари доктори, профессор Ш.Н.Ўлмасбоев ҳамда Тошкент халқ хўжалиги институти сиёсий-иқтисод кафедраси мудири, доктор, профессор О. М. Аминов ўз ёрдамларини беришган. 1967-йилдан бошлаб Республика матбуоти, радио ва телевидениясида фаол қатнашиб турган. 1969-йилдан 1970-йилга қадар Тошкент телевиденияси орқали сиртдан ўқувчи талабалар учун иқтисод фанлари номзоди, доцент Қ.Юсупов билан биргаликда сиёсий иқтисод тўғрисида курс ўқитган[1].
Методик қўлланмалари
Усмон Умаров студентлар учун методик қўлланмалар ҳам яратган. 1970-йилда Ўзбекистон нашриёти томонидан Сиёсий иқтисодни ўрганишда Ленин асарларидан фойдаланиш номи остида сиёсий иқтисод тўғрисидаги методик қўлланмаси нашр этилган. Кейинчалик, доцент Қ.Юсупов билан ҳамкорликда Сиёсий иқтисод асослари номли қўлланма ҳам ишлаб чиқилган ҳамда 1973-йилда нашрдан чиққан. Шу билан бир қаторда Усмон Умаровнинг Жамияцҳунослиик курсида сиёсий иқтисод масалаларини ўқитиш ҳамда Халқ маорифи экономикаси масалалари каби китоблари ҳам кутубхоналардан жой олган. Усмон Умаров илмий мақолалар ҳам чоп этиб турган. Улардан: „Ижтимоий меҳнат унумдорлигининг тўхтовсиз ўсишида жамоат истеъмол фондлари ўсиб бориш фаcторлари“, „Колхоз жамоат истеъмол фондлари ва унинг аҳамияти“ каби кўплаб мақолаларини мисол қилиб келтириш мумкин[1].
Унвонлари
1987-йилда СССР Министорлар советидаги олий аттестация комиссияси томонидан Усмон Умаровга профессорлик унвони берилган[1].