Usmon Zufarov
Усмон Зуфаров, (1892-йил – Тошкент – 7-август 1981-йил) – шарқ мусиқа асбоблари устаси, ўймакор наққош. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1942-йил). 1906—1912-йилларда уста Тошдан ҳунар ўрганган. 1912-йилдан мустақил уста. 1927-йилдан Ўзбекистон радио қўмитасида, 1929-йилдан Тошкент ҳунармандлик уюшмаси қошидаги артелда, Санъацҳунослик институти миллий мусиқа асбобларини мукаммаллаштириш тажриба лабораторияда (1934—1936 ва 1943—1946), Ўзбек давлат филармониясида (1936—1943) ишлаган. Усмон Зуфаров ўзбек чолғу асбобларини ясаш, такомиллаштириш ва безашда ўзига хос услуб яратган. У ясаган ва безаган миллий чолғу асбоблари (танбур, дутор, сато ва бошқалар) махсус кўргазмаларда намойиш этилган (1937, 1959). 1960-йиллардан 3 бўлакли (йиғма) танбур, дутор ва сатолари кенг тарқалган, шунингдек, уд, скрипка, қозоқ ва қирғиз қўбизи (қил қўбиз), қозоқ дўмбираси, афғон рубоби, испан банжоси ва бошқаларни ҳам ясаган ҳамда қадама нақшлар билан безаган. Ижодидан намуналар республика музейларида сақланади. Кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Унинг ижоди ҳақида „Куйловчи ёғоч“ телефилми яратилган (1978-йил). Тошкентдаги Зуфаров яшаган кўчага унинг номи берилган[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |