Кўзнинг ўрта қатлами (қон томирли) ёки увеал тракт (туниcа васcулоса) уч қисмдан иборат: рангдор парда (ирис), киприксимон тана (cорпус cиллиаре) ва хориоидеа.

Рангдор парда

• Рангдор парда- кўз учун автоматик диафрагма вазифасини бажаради. Рангдор парданинг қалинлиги атиги 0,2-0,4 мм, ингичкалашган қисми — бу киприксимон танага ўтиш жойида, бу қисмида травмалар пайтида рангдор парда узилиб кетиши мумкин (иридодиализ). Рангдор парда бириктирувчи тўқима стромасидан, қон томирларидан, эпителийдан, рангдор пардани олдинги қисмини қоплайдиган эпителийдан ва орқа томонда пигмент эпителийсининг икки қатламидан иборат бўлиб бу унинг шаффофлигини таъминлайди. Рангдор парда стромаси таркибида кўплаб хроматофор ҳужайралар мавжуд бўлиб, улардаги меланин миқдори кўзнинг рангини пайдо қилади. Рангдор пардада сезгир нерв толалари нисбатан кам бўлиб, шунинг учун рангдор парданинг яллиғланиш касалликлари енгил оғриқ билан кечади.[1]

Қорачиқ

Қорачиқ-рангдор парда марказидаги думалоқ тешикдир. Унинг диаметрини ўзгартириши рангдор парда ҳисобига, тўр пардага тушувчи ёруғлик нурлари оқимини тартибга солади. Қорачиқнинг ўлчами рангдор пардадаги сфинктер ва дилататор силлиқ мушаклар ҳаракати туфайли ўзгаради. Бу сфинктер мускул толалалари узуксимон жойлашган бўлиб кўзни ҳаракатлантирувчи нерв парасимпатик иннервациясини қабул қилади. Радиал дилататор толалар юқориги бўйин симпатик тугуни томонидан иннервацияланади.

Киприксимон тана

Киприксимон тана — эни 8 мм дан иборат қалин тасма шаклида бўлиб, склера остида жойлашган. Унинг ранги қора ва юзаси кўп миқдордаги киприксимон ингичка бўртиқчалардан иборат. Киприксимон тананинг орқа қисми нотекис тишсимон тана орқали хусусий томирли пардага ўтиб кетади. Хусусий томирли пардада пигмент ҳужайралари жуда кўп. Унинг орқа марказий қисми кўрув нерви ташқи пардаси яқинида тугалланади. Хориоидея-увеал трактни орқа қисми ҳисобланиб киприксимон танадан тишсимон линия орқали ажралиб туради. Хориоидея бир нечта томирли қаватдан ташкил топган. Хориокапиллярлар кенг қатлами тўр пардага ёпишиб туради ва тўр пардадан ингичка Брух мембранаси орқали ажралиб туради.[2]

Манбалар

  1. ↑ Мухамадиев. Увеал тракт, Тошкент, 2020 — 41-42-бет. ИСБН 418-499-08-2020. 
  2. ↑ Юлдашева. Ко'з анатомияси, 6, Тошкент, 2017 — 9-10-бет. ИСБН 978-9943-05-869-9.