Уйшунсой — Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидаги сой номи. Ном Уйшун этнонимидан олинган бўлиб, этноним тарихан ясама сўз: "уй + шун" шаклида ҳосил бўлган. Ҳар иккала қисм қадимда мустақил ма’нога эга бўлган. Этнонимнинг дастлабки шакли аниқловчи + аниқланмиш тизимида бўлган. "Уй" сўзи уйғур, уйрат, уйчи, ўймовут каби бошқа ўзбек этнонимларида ҳам учрайди ва туркий халқларда кенг тарқалган.

Илмий тадқиқотлар

  • А.Н. Бернштам уйшун/уйсун ва кушан/кусан этнонимлари бир манбадан келиб чиққан деб ҳисоблайди.
  • Б.Ғ. Ғафуров Шарқ халқлари тилларида усуан/усван этноними бўлган, бу эса уйшун/уйсун/усун ва кушан/кусан этнонимларига дахлдор деб қараган.
  • Т. Жанузақов туркий тилларнинг олтой даврида "уй/ўй" сўзи ўрмон ёки дарахтзор ма’носини берганини та’кидлайди.


Уйшун этнонимининг иккинчи қисми — "шун" сўзи умумолтой тилига хос бўлиб, туркий, мўғул ва тунгус-манжур тилларида турли товуш қиёфасида учрайди: шун, шўн, шин, сун, сўн, син, жун, жўн, жин, чин, юн, йўн, йин, дун, дўн, дин, зун, зўнзин. Сўзда ш/с/ж/ч/й/д/з товуш уйғунлиги ва алмашинуви мавжуд. Бу ўзгаришлар олтой тилларига хос бўлган фонетик жараён натижасидир.

Турли тилларда шаклланиши:

  • Ёқут тилида: зўн — халқ, қабила
  • Тува тилида: чўн — халқ, қабила
  • Чуваш тилида: син/шин — одамлар
  • Қадимги хун тилида: жун/жўн

Ана шу бирлик одамлар, қабила, уруғ ма’носини билдирган ва ўзбек этнонимларидаги қовчин, олчин, бойсун/бойсин каби номларнинг охиридаги –чин/–сун/–син унсурлари билан боғлиқ.

Этноним ва жой номи

Муҳими шуки, Уйшун этноними — бирламчи, Уйшун топоними эса иккиламчи бирликдир. Этнонимга аҳолининг яшаш жойи, табиий белгилар асос бўлган: Уйшун — ўрмон кишилари, дарахтли ҳудудда яшовчилар. Жой номи эса қабилага мансуб аҳолининг истиқомат қилган ҳудудига кўра шаклланган: Уйшун — уйшун қабиласига мансуб кишилар яшаган жой.

Манбалар