Ваҳобовлар (Исмоил Ваҳобов, 1949-йил, 19-январ ва Исроил Ваҳобов, 1951-йил, 19-январ Андижон вилояти Балиқчи тумани Чинобод қишлоғи) – ака-ука ҳамнафас хонандалар, Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизлари (1999).

Ваҳобовлар доимо болалик давридан бирга куйлаб, ўзларининг ёқимли, баланд ва тиниқ овозлари билан шуҳрат қозонишган. Тошкент давлат консерваториясини тугатишган (1973). Ички ишлар Қўшинлари ансамбли (1973-1974), Ўзтелерадио қошидаги „Мақом“ ансамбли (1975-1992), „Танавор“ миллий рақс ансамбли (1992-1996)да ишлашган. 1996-йилдан „Мақом“ ансамбли хонандалари (1996-1999-йиллар Исроил Ваҳобов мазкур жамоанинг бадиий раҳбари).

Ижро услубининг ўзига хослиги, қўшиқлардаги жўшқинлик, баланд, лекин майинлик билан куйлаш, овозлар ҳамоҳанглиги хонандалар ижодига хос. Репертуаридан Шашмақом шўбалари ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари („Мўғулчаи Наво“, „Талқини Ушшоқ“, „Баёт ИИИ“, „Баёт уфориси“ ва бошқалар), ўзбек мумтоз ашулалари („Бебокча“, „Фиғон“, „Шароб“ ва бошқалар), замонавий бастакорлар (И. Икромовнинг „Бир кулиб қўй“, Ориф Қосимовнинг „Кутарман“) ҳамда ўзлари яратган асарлар („Сени ўйлайман“, „Ширин забоним“, „Жон Ўзбекистоним“, „Яшар севгим“, „Дўстларим“ ва бошқалар), шунингдек Шарқ халқлари қўшиқлари (эронча „Муборак“, туркча „Холида“, арабча „Ҳабибий“, афғонча „Лайлижон“) кенг ўрин олган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил