Ваҳон тизмаси - Тожикистоннинг чекка жанубидаги ва Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги тизма, Помирнинг энг жанубий тизмаларидан. Ваҳон тизмасининг ғарбий қисми Шохдара ва Панж дарёлари, шарқий қисми Помирдарё билан Ваҳондарё орасида сувайирғичдир. Тизманинг узунлиги 160 км, ўртача баландлиги 5000 м, энг баланд жойи 6281 м. Ғарбий кисми Шоҳдара тизмаси деб ҳам аталади, шарқий қисми Афғонистон ҳудудида. Тоғ тепаларида ва қияроқ ён бағирларида доимий қор ва музликлар (Тожикистон ҳудудида умумий майдони 96,2 км²) кўп. Ваҳон тизмаси кембрийдан олдинги давр ва палеозойнинг гранит, гнейс, кристалли сланес ва метаморфик жинсларидан таркиб топган. Ваҳон тизмасида сийрак тоғ ксерофит ўтлари ва буталари ўсади. 4000 м дан юқорида алп ўтлоқлари бор.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил