Shaffof shisha kolbali vakuumli elektron lamba, uning ichida metall elektrodlar va ingichka simli kontaktlar yaqqol koʻrinib turibdi.
Электронларнинг эркин ҳаракатланиши учун ичида чуқур вакуум яратилган вакуумли электрон ламба

Вакуум (лотинча: ваcуум — бўшлиқ) — газнинг атмосфера босимидан паст босимдаги ҳолати. В. тушунчаси маълум ҳажмдаги газга, шунингдек космик фазога татбиқ қилинади. Вакум босим бирлиги билан ўлчанади. Газнинг В.даги хусусияти газ тўлдирилган идиш ўлчами билан газ молекулаларининг эркин ўтиш йўли (молекуланинг бир тўқнашишидан иккинчи тўқнашишигача босиб ўтган йўлнинг ўртача узунлиги) орасидаги муносабатга боғлиқ. Газнинг сийраклашганлик даражасига қараб ўта юқори, юқори, ўрта (форвакуум) ва паст В.га бўлинади. Ўта юқори В.га 10 мк Па дан паст, юқори вакумга 0,1 дан 10 мк Па гача, ўрта В.га 100 дан 0,1 Па гача, паст В.га 100 Па дан юқори босим соҳаси тўғри келади. Юқори вакумдаги атмосфера босимидаги газларга нисбатан бутунлай бошқа хоссаларга эга бўлади. Юқори В.да газ молекулалари идишнинг иссиқ ва совуқ деворлари билан тўқнашиши натижасида иссиклик ўтказиш жараёни рўй беради. Иссиқлик ўтказиш тезлиги газ босимига, температуралар фарқига ва деворлар орасидаги масофага боғлиқ эмас. В.ли идишларнинг тешикларидан ўтаётган газ миқдори босим (ташқи босим билан идиш ичидаги босим) фарқига боғлиқ, ўртача босимга боғлиқ эмас. Юқори В.да молекулалар тўқнашмайди, шу сабабли, юқори В.ли идишда молекулалар дастасини ҳосил қилиш мумкин. Юқори В.ли идишга зарядли зарралар киритилганда идиш орқали электр токи ўтади. Мас., ток ўтишга қаттиқ жисмлардаги термоэлектрон эмиссия, автоэлектрон эмиссия, фотоэффект ва бошқа ҳодисалар туфайли зарядли зарралар чиқиши сабаб бўлади. Паст, ўрта ва юқори В. ҳосил қилиш учун форвакуум механик насослар, юқори В. насослари ва ўта юқори В. насослари иш-латилади. Ўта юқори В. (магнитли) электр заряд насослар, гиттерион насослар, адсорбсион насослар ёрдамида олинади. В. манометр ва вакуумметрлар билан ўлчанади. Электр вакуум асбоблар (мас. радиолампалар, электрон-нур трубкалари, рентген трубкалари, фотоэлементлар ва ҳ.қ.) ишлаб чикаришда В.нинг муҳим аҳамияти бор. В. кимё саноати, металлургия, кварс шиша и.ч., озиқ-овқат ҳамда тўқимачилик саноати ва бошқа соҳаларда кенг татбиқ қилинади (қаранг Вакуум техникаси).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил