Вандаллар — қадимги герман халқларининг шарқий тармоғига мансуб кабила бўлиб, дастлаб Ютландия ярим оролда, мил. ав. И асрдан эса — Одер ва Висла дарёлари, шунингдек Судет ва Карпат тоглари оралиғидаги ҳудудларда яшашган. Вандаллар икки қавмга (силинглар ва хасдинглар) бўлинган. Мил. ИИ-асрда Маркоман урушида қатнашиб, ҳозирги Венгрия ҳудудига қадар силжиганлар. ИВ асрда Паннонияда ўрнашиб олган вандаллар Римга ёлланма аскарлар етказиб беришган, улар орасидан иқтидорли саркардалар ҳам (Стилихон) етишиб чиққан. Вандаллар аланлар ва свевлар билан бирга Ғарбга юриш қилиб (406-йил), Рейн дарёсидан кечиб ўтишган ва бутун Галлияни босиб ўтиб Испанияга қадар боришган (409-йил). Бу тўғрида ҳозирги Андалусия (Вандалусия) провинсиясипинг номи ҳанузгача эслатиб туради. Силинглар Испанияда вестготлар томонидан деярли тор-мор этилганлар, хасдинглар эса Геизерих раҳбарлиги остида 429—439-йилларда Рим империясига қарашли Шимолий Африкани босиб олганлар ва ҳозирги Тунис ҳудудида ўрнашганлар. Вандаллар қироллиги Рим империясига тобе ерларда барпо этилган биринчи герман қироллиги эди. Вандаллар флоти Ўрта денгизда ҳукмрон бўлиб олган. Вандаллар 455-йил Римни талон-торож қилишган, Балсар ороллари, Сардиния ва Корсикани эгаллашган. Византия саркардаси Велизарий 533—534-йилларда вандаллар қироллигини забт этган. Вандаллар тарихда ўзларининг талончилик, босқинчиликлари билан машҳур бўлишган. Шу туфайли маданий қадриятларни бекордан бекорга йўқ қилинишини англатувчи вандализм тушунчаси пайдо бўлган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил