Вақт оламнинг физик характеристикаси бўлиб, олам ҳолатининг кетма-кет ўзгаришида акс этади.

Вақт — 1) материянинг асосий яшаш шаклларидан бири (қаранг фазо ва вақт); 2) табиатдаги бирор даврий ҳодисага, мас., Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш даврига нисбатан ҳисобланадиган ўлчов бирлиги.

Вақтни ўлчаш. Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш даври билан ўлчанадиган вақт бирлиги сутка (бир кеча-кундуз) деб аталади. Вақтнинг каттароқ бирликлари ой (Ойнинг Ер атрофида айланиш даври), йил (Ернинг Қуёш атрофида айланиш даври)дир. Ернинг уз ўқи атрофида айланиш даври юлдузларга ёки баҳорги тенг кунлик нуқта-сига нисбатан олинса, юлдуз суткаси, қуёшга нисбатан ҳисобланса, ҳақиқий қуёш суткаси, Ўртача қуёшга нисбатан эса ўртача Қуёш суткаси дейилади. Ойнинг ер атрофида юлдузларга нисбатан айланиш даври — сидерик ой (юлдуз ойи), Ойнинг иккита бир хил фазалари орасида ўтадиган давр —синодик ой дейилади. Ниҳоят, Қуёшнинг Ер атрофида кўринма (визуал) ҳаракати юлдузларга нисбатан олинса, сидерик йил (юлдуз йили), баҳорги тенг кунлик нуқтасига нисбатан ҳисобланса, тропик йил ҳосил бўлади. Вақтнинг энг кичик бирлиги қилиб сутканинг 1/86400 қисмига тенг вақт — секунд қабул қилинган. Фан ва техникада секунднинг мингдан, миллиондан бир улушлари билан ҳам иш кўрилади. Олимлар Ернинг ўз ўқи атрофида нотекис айланишини аниқлашди. Шунинг учун вақт бирлигининг ўзгармаслигини таъминлаш мақсадида назарий эфемерид секунд бирлиги қабул қилинган. Эфемерид секунд тропик шлнинг 1/31556925,9747 улушига тенг (махражидаги рақам асримиз боши — 1900 тропик йилдаги секундлар сони). Вақтнинг бошқа бирликлари вақт ўтишига боғлиқ бўлмаган ўзгармас бирлик — эфемерид секунд ёрдамида исталган давр учун ҳисобланиши мумкин. Демак, вақтнинг асосий бирлиги қилиб, эфемерид сутканинг 1/86400 улушига тенг эфемерид секунд қабул қилинган. Бунда Ернинг ўз ўқи атрофидаги нотекис ҳаракати ҳисобга олинган. Бевосита кузатишларга асосланиб юлдуз вақти аниқланади. Унинг асосий ўлчов бирлиги юлдуз суткаси ҳисобланади. Юлдуз суткасининг бошланиши баҳорги тенг кунлик нуқтасининг юқори кулминация пайтига тўғри келади. Шу пайтда юлдуз вакти билан юрадиган соатлар 0 соат 0 мин. 0 сек.ни кўрсатиши керак. Баҳорги тенг кунлик нуқтаси Ернинг нутацион (қаранг Нутация) ҳаракати таъсиридан холи деб қабул қилинган вақт ўртача юлдуз вақти деб аталади. Ернинг юлдузларга нисбатан ўз ўқи атрофида айланиш даври 24 соат 0 мин. 0,0084 сек. ўртача юлдуз вақтига тенг бўлади.

Кундалик ҳаётимизда асосан ўртача қуёш вақтидан фойдаланамиз. Ўртача қуёш — экватор бўйлаб тропик йил ичида бир марта текис айланиб чиқадиган хаёлий нуқтадир. Ўртача Қуёш марказининг юқори кулминация пайти ўртача туш пайти деб аталади. Ўртача қуёш вақти шу пайтдан бошланади. Ўртача қуёш марказининг пастки кулминация пайти ярим тун деб аталади. Фуқаро вақти шу пайтдан (соат 24 ой дан) ҳисобланади ва тақвим (календар) кун ўзгаради. Астрономияда 1925-йилгача кун ҳисоби туш пайтида ўзгарар, яъни янги кун кундузи соат 12 дан бошланар эди. 1925-йилдан бошлаб астрономияда ҳам фуқаро вақтидан фойдаланилмоwда.

Тропик йил 366,2422 юлдуз суткасидан иборат; бунда ер уёш атрофини бир марта тўлиқ айланиб чиқади, шу сабабли, қуёшга нисбатан Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш сони кам, яъни 365,2422 сутка бўлади. Шунинг учун 366,2422 юлдуз суткаси 365,2422 ўртача қуёш суткасига тенг . Бундан қуйи-даги хулосаларга келиш мумкин. Юлдуз вақтининг 24 соати — ўртача қуёш вақтининг 23 соат 56 мин. 4,090 секундига, ўртача қуёш вақтининг 24 соати — юлдуз вақтининг 24 соати 3 мин. 56,555 секундига тенг . Юддуз вақтидан ўртача қуёш вактига ва аксинча ўтиш учун астрономик йилномаларда бошланғич меридианнинг ҳар ярим кечасига оид юлдуз вақти берилади. Ер шарининг ҳар бир жойида шу жойнинг ўз маҳаллий вақги бор. Бу вақг ўша жой меридиани — географик узунламасига боғлиқ. Бир меридиандаги соатлар бир вақтни кўрсатади. Ер ғарбдан шарққа қараб айлангани учун берилган меридиандан шарқдаги жойларда соат кечрок вактни, ғарбдаги жойларда эртароқни кўрсатади. Икки жойнинг маҳаллий вақтлари орасидаги фарқ шу жойлар географик узунламаларининг соат, минут ва секундлар билан ҳисобланадиган фарқига тенг .

Халқаро келишувга биноан, Гринвич меридиани бошланғич (нолинчи) меридиан деб қабул қилинган. Гринвич фуқаро вақти дунё вақти деб қабул этилган. Ҳар бир жойнинг ўз фуқаро вақти бўлиши ўзаро алоқа ва саёҳатларда кўп ноқулайликлар туғдиради. Шу сабабли, бир вақтлар турли мамлакатларда ўз пойтахт вақтларини қабул қилишган. 1884-йилдан бошлаб, Ер шари 24 соат минтақага бўлинди. Ҳар бир минтақадаги жойлар бир хил вақтга, яъни ўртача меридиан вақтига эга бўлади. Минтақалар Гринвич меридианидан бошлаб 0 дан 23 гача рақамланади. Шунинг учун маълум минтақа рақамига тенг сонга фарқ қилувчи бутун соатга тенг бўлади. Масалан , Москва ва Санкт-Петербург 2- минтақада ётганлиги учун уларнинг маҳаллий вақти Гринвич вақтидан 2 соат, Тошкент 5-минтақада жойлашганлиги учун 5 соат фарқ қилади. Собиқ Иттифоқда минтақа вақти ХКС декрета билан 1919-йил 1 июлдан бошлаб киритилган. Табиий ёруғликдан самарали фойдаланиш ҳамда халқ хўжалиги ва турмушда электр энергиясини мутаносиб тақсимлаш мақсадида кўп мамлакатларда ёз пайтларида соат миллари 1 ёки бир неча соат олдинга сурилади (қаранг Декрет вақти). Тошкент вакти деб юритиладиган 5- минтақанинг декрет вақти дунё вақтидан 6 соат олдиндадир.

Физикада вақтни ўлчаш ўрганиладиган жараёнларга тезлиги ёки такрорланиш даври маълум бошқа жараёнларни таққослашга асосланган. Катта В. оралиқлари, мас., млн. ва млрд. йиллар билан ўлчанадиган осмон жисмларининг ёши уларнинг таркибига (водород ва гелий миқдорига) қараб аниқланади. Кичикроқ вақт оралиғи — сутка, соат, минут ва секунд турли соатлар ёрдамида ўлчанади. Илгари қуёш соати, сув соати ва қум соатлар қўлланган. Ҳозир вақтни жуда аниқ ўлчашга имкон берадиган маятникли, кварс ва электрон соатлар ишлатилади. В.нинг жуда кичик улушлари (мас., 0,2—0,01 сек.) бошқа усуллар билан ўлчанади. Масалан, портлаш реаксиялари секунднинг юзларча ва мингларча улуши давомида ўтади. Бундай жараёнлар оссиллограф билан қайд қилинади. Баъзан атом ва ядро жараёнлари секунднинг млн. ва млрд. улушлари ичида ўтади. Аниқ вақт астрономия расадхоналарининг вақт хизматларида махсус асбоблар ёрдамида юлдузларни кузатиб аниқланади, жуда аниқ юрадиган соатлар ёрдамида „сақланади“ ва радиосигналлар ёрдамида тарқатилади. Вақтнинг катта бўлакларини ўлчаш учун йил бирлигига асосланган тақвим қўлланади.

Электрониканинг ривожланиши муносабати билан ХХ аср 60-й.ларида астрономик кузатувларга боғлиқ бўлмаган бутунлай янги вақтни ўлчаш тизими пайдо бўлди. Бу тизим квант генераторлар (атом соатлари) билан назорат қилиб туриладиган аниқ кварс соатлардан фойдаланиш га асосланади. В.ни ўлчашнинг бу тизими атом вақти номини олди ва ТА /деб белгиланди. Эталон бирлик сифатида атом секунддан фойдаланилади. Унинг қиймати сезий 133 атомидаги энергия ўтишларидан бирининг резонанс частотаси ёрдамида аниқланади. Вақт хизмати атом соатлари ёрдамида аниқ В. радиосигналларини бериб туради. ТА вақт секундлари давомийлиги ҳар йили астрономик кузатувлар ёрдамида назорат қилинади. В.ни ўлчашнинг барча тизимлари мунтазам равишда бир-бирига таққослаб турилади. Бундай таққослашлар натижалари идораси Парижда жойлашган Халқаро вақт бюроси „Ахборотлари“да эълон қилиб борилади. Ўзбекистон ФА. Астрономия институтида ҳам вақт хизмати билан шуғулланилади (қаранг Астрономия институти, Вакт хизмати).

Физикада: вақт квантланмаган ташқи параметр, у ўзгармасдир. Унинг оқиш тезлиги константасига ҳеч қандай таъсир ўтказиб бўлмайди. Бироқ умумий нисбийлик назариясига кўра эса, вақт фазо-вақт тизимининг манфий ишорали тўртинчи ўлчамидир, демак у ўзгара олади (масалан, кучли гравитацион линза эффектларидаги каби).

Адабиётлар

  • Бакулин П. И., Блинов Н. С, Служба точного времени, М., 1968.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар