Вайжантемала (1931. 25.6, Майсур) — ҳинд раққосаси ва кино актрисаси. Санъаткорликни онасидан ўрганган. В. жуда ёшлигидан эътиборли кишилар даврасида (ҳиндларнинг анъаналарига кўра) рақсга тушишдек катта имтиёзга эга бўлди ва кўп ўтмай ҳинд рақс санъатининг машҳур ижрочисига айланди. В. рақс санъатининг юқори чўққиси бўлган мумтоз услубдаги „Бҳарат Натям“ рақсларининг ҳам моҳир ижрочиси. Кинода 16 ёшидан суратга туша бошлаган. „Янги Деҳли“, „Чақириқ“, „Ганга ва Жамна“, „Прокурорнинг ўғли“, „Сангам“ филмларида бош ролларни — муҳаб-бат санамлари тимсолини гавдалантирди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил