Вегетацион уй — деворлари ва томи ойнаванд, шамоллатиб туришга мослаштирилган кичик бино, турли вегетацион тажрибалар олиб борилади. Ойнаванд уй ёнида металл тўр билан ўралган (паррандалардан ҳимоя қилиш мақсадида) махсус майдонча бўлади. Тунги совуқ пайтида ва об-ҳаво айниганда вегетацион идишларда ўстирилган ўсимликлар жойлаштирилган вагончалар темир излар орқали ғилдиратиб уйга киритиб, кундуз кунлари ва ҳаво илиқ пайтларда эса яна майдончага чиқариб қўйилади. В.у. мумкин қадар кўпроқ ёруғлик билан таъминланган ва яхшилаб шамоллатиб туриладиган бўлиши керак. Шунга кўра, В.у. лар соя тушмайдиган очиқ жойга қурилади. Бинода тажрибага тайёргарлик кўриш учун ёрдамчи хоначалар ҳам бўлади (яна қ. Вегетацион усул). Ўзбекистондаги қатор илмий тадқиқот институтларида замонавий жиҳозланган В.у.лар қурилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил