Velyur
Велюр (франс. велоурс — духоба, лот. виллосус — тукли, пахмоқ) — 1) тоза жун толаларидан тўқиладиган калта тукли газлама ёки калта ва майин тукли мато (фетр); мовутнинг бир тури. В. туклари ундан тикиладиган буюмларга куркам ва бежирим кўриниш беради. Майин жунли қўй (меринос қўйи) нинг аъло навли жунини йигириб тайёрланган толалардан тўқиладиган В.-драп жуда қадрланади. В.дан устки кийим-бошлар, бош кийимлар ва б. тикилади. Кўпчилик В.ни бахмал (духоба) билан адаштиради. В. бахмалдан тўқилиши билан тубдан фарқ қилади; 2) буғу, чўчқа, қўй ва б. моллар терисидан ошлаб ва хромлаб тайёрланадиган калта тукли юмшоқ бахмалсимон чарм — замш. В. тайёрлашда сирконий ёки титан тузлари ишлатилади, албуминлар, крахмаллар, ўсимлик елимлари ҳам қўшилади. Нам таъсирига чидамли бўлиши учун В.га алюминий ёки хромли совунлар, силикон билан ишлов берилади. В.дан асосан устки кийим-бош ва поябзал тикилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |