Венеция — Италиянинг шимолидаги шаҳар, Адриатика денгизининг Венеция қўлтиғида. Венеция вилояти ва Венеция провинсиясининг маъмурий маркази. Венеция 2 қисмдан иборат: тарихий марказ (аҳолиси 100 минг киши атрофида) 150 канал билан ажралиб турган 118 оролда жойлашган ва материкдаги саноатлашган порт қисми. Венециянинг ороллардаги қисми — музей шаҳар, денгиз курорти, халқаро туризм маркази. Аҳолиси 450 мингдан зиёд киши (1990-йиллар охирлари). Венециядаги каналлар (рио) устига 400 дан ортиқ кўприк қурилган. Каналлардан энг муҳими Катта каналнинг узунлиги 3,8 км бўлиб, шаҳарни бутунича кесиб ўтган. Материкка энг яқин орол темир йўл (1846 и. дан) ва автомобил йўлли (1932-йилдан) кўприк орқали туташган. Йирик порт (юк ортиб-тушириш йилига 30 млн. тонна). Ҳаво йўллари тугуни. Лидо оролида халқаро аэропорт бор.

Мил. ав. 5 асрдан бошлаб Венецияда аҳоли яшаган. 9-10 асрларда Ғарбий Европа билан Шарқ ўртасидаги савдода воситачилик ролини ўйнаган. 4-салиб юриши натижасида (1202—1204) Венеция Ўрта денгиз империясига айланади (Истанбулнинг бир қисми, Мармар денгизидаги бир неча гаван, Эвбей, Крит ва б. оролларни эгаллади). ХВ аср бошларига келиб, Венеция ўзга вилоятларни босиб олиш сиёсатини юритди. Истанбулнинг турклар тасарруфига ўтиши (1453) ҳамда Буюк географик кашфиётлардан сўнг савдо йўлининг Ўрта денгиздан Атлантика океанига кўчиши Венеция мавқеига катта зарар етказди. ХВИИ-ХВИИИ асрларда Венеция чуқур тушкунликка юз тутди. 1797-йил Венецияни Франсия қўшинлари ишғол қилди ва Кампоформий сулҳига мувофиқ у Австрияга берилди. 1848—1849 йиллардаги инқилоб туфайли Венеция мустақил республика бўлди. 1866-йил Венеция яна Италия таркибига кирди. ХИХ аср охири — ХХ аср бошларида Венеция йирик саноат марказига айланди. Венеция 1943-йил немис қўшинлари томонидан оккупация килинди. 1945-йил апрел қўзғолони натижасида озод қилинди. Венецияга саноат хом ашёлари (металл, нефт, кўмир, пахта толаси ва б.) четдан келтирилади. Венецияда одатдаги шаҳар транспорти йўқ, йўловчилар қайиқлар ва моторли кемаларда ташилади. Венеция Италиянинг иқтисодий жиҳатдан анча тараққий қилган марказларидан. Йирик саноат корхоналари Венециянинг материкдаги чекка қисмларида. Кемасозлик, рангли металлургия (алюминий, рух), нефтни қайта ишлаш, кимё, тўқимачилик, машинасозлик, озиқ-овқат, ойна, полиграфия саноати тармоқлари ривожланган. Қурол-аслаҳа, нефт-кимё, кокс-кимё, алюминий прокатлари ва чинни заводлари, темир йўл устахоналари бор. Шунингдек, қадимдан анъана бўлиб келаётган бадиий буюмлар, нафис тўрлар ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари ҳам ишлаб чиқарилади. Венецияга туристлар кўп келади. Лидо оролида машҳур халқаро денгиз курорти жойлашган. Санъат академияси, савдо, тиббиёт ва Адриатика денгизини ўрганиш институти, университет бор. Кузги кучли шамоллар таъсирида денгиз суви сатҳининг кўтарилишидан Венецияда шаҳар майдонлари ва кўчаларини сув босади. Венеция асрлар давомида тобора сув остига чўкаяпти. Ундаги моддий ва маданий ёдгорликларни сақлаб қолиш учун чоралар изланмоқда.

Венецияда (ХИИИ асрда) Италиядаги асосий рассомлик мактабларидан бири вужудга келди ва ўзига хос тарзда ривож топди (қаранг Венеция мактаби). Венецияда Академия галереяси, археология музейи, шиша буюмлари музейи (Мурано оролидада) бор. Меъморий ёдгорликлардан Сан-Марко черкови (ИХ-ХВ асрлар), Сан-Марко қадимий кутубхонаси (ХВИ аср), саройлар (ХВ аср, ХВ аср охири), черков ва монастирлар (ХВ-ХВИ асрлар) ва бошқалар сақланган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил