Вест-индия (инглизча: Wест-Индиэс, нидерландча: Wест-Индиë - айнан Ғарбий Ҳиндистон) — Атлантика океанининг Кариб денгизида жойлашган бир неча минг оролнинг умумий номи. Шимолий ва Жанубий Америка материклари оралиғида. Багама оролларини, Катта ва Кичик Антил ороллари (қаранг: Аншил ороллари) ва б. оролларни ўз ичига олади. Шимолий Америкага мансуб. Умумий майдони - 240 минг км2 га яқин. Аҳолиси - 35 млн. киши (1990-йиллар ўрталари), кўпчилиги негр, мулат ва креоллар. Релефининг аксари қисми тоғли, карстли жойлар кўп. В.-И.да тез-тез ер қимирлаб туради. Кичик Антил о.ларида сўнмаган вулканлар бор. В.-И. ороллари мезокайнозой ёшидаги вулканик ва чўкинди жинслардан тузилган. Энг баланд чўққиси Гаити оролидаги Трухило тоғи — 3175 м. В.-И.да фойдали қазилма кўп. Кубада марганес, хромит ва темир рудалари, Тринидад о.да табиий асфалт, нефт, Ямайка о.да боксит конлари бор. В.-И.да тропик пассат ва экваториал муссон иқлим ҳукмрон. Январнинг ўртача температураси шим.да 21°, жанубта 26°. Ўртача йиллик ёғин 1000–1500 мм. Дарёлари қисқа, тез оқади. Доим яшил ўрмонлар, саванналар бор. В.-И. тропик бўронлар пайдо бўладиган жой. Текислик қисмларида шакарқамиш, кофе, тамаки, пахта етиштирилади. В.-И.да Антигуа ва Барбуда, Багама Ороллари, Барбадос, Гаити, Гренада, Доминика, Доминикана Республикаси, Куба, Сент-Винсент ва Гренадина, Сент-Киц ва Невис, Сент-Люсия, Тринидад ва Тобаго, Ямайка давлатлари ҳамда Буюк Британия, Нидерландия, Франсия ва АҚСҲ мулклари бор. Оролларнинг кўпчилиги Христофор Колумб томонидан 1492—1502 йилларда Ҳиндистонга денгиз орқали ғарбдан бориладиган йўлни қидириш вақтида кашф қилинган. Колумб оролларни Ҳиндистоннинг бир кисми деб ҳисоблаган ва шу боис Ҳиндистон деб атаган. Европаликлар ҳақиқий Ҳиндистонни кашф қилганларидан сўнг ундан фарқлаш учун "Ғарбий" сўзи қўшилган.

Яна қаранг

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил