Вехичилик ("Вехи" тўплами номидан олинган) — рус диний-фалсафий оқими (ХХ аср бошлари). Унинг намояндалари — Н. А. Бердяев, С. Н. Булгаков, П. Б. Струве, С. Л. Франк, М. О. Гершензон ва б. "Вехи" ("Рус зиёлилари тўғрисида мақолалар") тўпламида (Москва, 1909) инқилобий-социалистик кайфиятдаги зиёлиларнинг мафкураси, жумладан атеистик материализм, сиёсий радикаллик ва народниклик ғояларини кескин танқид қилиб чиқдилар. Вехичилар маънавиятни ижтимоий ғоялардан устун қўйиб, шахснинг ички (ботиний) ҳаёти инсоннинг бирдан-бир ижодий куч манбаидир, деб ҳисобладилар. 1917 й. октябр тўнтаришидан кейин "Вехи" муаллифлари болшевикларнинг ғоявий душманлари сифатида улар назарияси ва амалиётига қарши фикрлар билан чикдилар. Ленин кўрсатмаси билан В. ҳаракатининг лидерлари хорижга бадарға қилинди (1922). Қайта қуриш йилларида (1985—91) Н. А. Бердяев, С. Н. Булгаков, С. Л. Франк ва б. В. оқими вакилларининг асосий асарлари, жумладан "Вехи" тўплами қайта нашр этилди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил