ВЕЙСМАН (Wеисманн) Август (1834.17.1, Франкфурт-Майн — 1914.5.11, Фрейбург) — немис зоологи, эволюцион таълимот назариётчиси. Фрейбург университети проф. (1873-йилдан). 1860-йилдан Дарвин таълимотини ҳимоя қилиш, уни илмий жиҳатдан асослаш ва ривожлантириш устида назарий тадқиқотлар олиб борган. Генларнинг дискретлиги, уларнинг хромосомаларда жоилашганлиги ва онтогенездаги роли ҳақидаги ҳозирги замон тасаввурларини олдиндан айтиб берган. В.нинг ирсият ва индивидуал ривожланиш тўғрисидаги назарияси баъзи камчиликлардан холи бўлмаса ҳам, бу тўғридаги замонавий тушунчалар учун асос бўлган дейиш мумкин. ХХ асрнинг 40-й.ларида В. яратган ва унинг ўзи неодарвинизм деб атаган таълимот дарвинизмни ривожлантиришга қўшилган катта ҳисса бўлди.

Вейсман Август

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил