Viktor Avtonomov
Виктор Александрович Автономов (1955-йил 9-май, Тошкент, Ўзбекистон ССР) — ўзбекистонлик олим, кимё фанлари доктори, профессор.
| Виктор Автономов | |
|---|---|
|
| |
| Таваллуди |
1955-йил 9-май Тошкент, Ўзбекистон ССР |
| Фуқаролиги |
|
| Иш жойлари | Ўзбекистон Фанлар академияси Ғўза селексияси ва уруғчилиги институти |
| Таълими | Тошкент қишлоқ хўжалиги институти |
| Илмий даражаси | кимё фанлари доктори |
| Илмий унвони | профессор |
| Мукофотлари |
|
Биографияси
Виктор Александрович Автономов 1955-йил 9-майда Тошкент шаҳрида туғилган. 1972-йилда 98-сонли ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факултетига ўқишга қабул қилинган. 1977-йилда ушбу институтни тугатгач, Г. С. Зайцев номидаги Ғўза селексияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтида катта лаборант лавозимида фаолиятини бошлаган. 1978—1982-йилларда Н. И. Вавилов номидаги Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасида таҳсил олгандан сўнг Ғўза селексияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим бўлиб ишини давом эттиради. 1989-йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академияси Ғўза селексияси ва уруғчилиги институти „Атроф-муҳитнинг биотик омилларига чидамли ғўза навлари селексияси“ лабораторияси мудири лавозимида ишлаб келмоқда[1].
Илмий фаолияти
2003-йилдан ҳозирги кунга қадар ғўзанинг генетика, фитопатология, селексия ва уруғчилик соҳаларидаги муаммолар бўйича давлат лойиҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. 1984-йилда „Селексия ва уруғчилик“ мутахассислиги бўйича қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ҳукумат топшириғига кўра пахта селексияси ва уруғчилиги билан боғлиқ илмий тадқиқотларни ривожлантиришга биродарлик ёрдами кўрсатиш мақсадида олим 1986—1988-йилларда бош мутахассис этиб Афғонистон республикага юборилган ва ушбу хизматлари учун „Саур инқилобига 10 йил“ медали билан тақдирланган. 2010-йилда „Вилт ва қора илдиз чиришига чидамлилиги учун ғўзанинг тур ичидаги географик узоқ дурагайланиши“ мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади ва 2016-йилда профессор илмий унвони берилган. Олимнинг 500 дан ортиқ илмий нашрлари, жумладан, пахтачиликнинг генетика, селексия ва уруғчилиги бўйича 11 та монография, 2 та тавсиянома ва 2 та услубий қўлланмалар муаллифи. 2020-йилда Белгияда чоп этилган „Вилт касалликларига чидамли ғўза навларини яратиш“ монографиясида илк бор молекуляр генетика ва фитопатология усулларини анъанавий селексияда қўллаган ҳолда Фусариум ва Вертиcиллиум патогенларига бардошли бўлган ўрта толали C-6570, C-6577 ва C-6585 ғўза навларини яратиш босқичлари тўлиқ келтирилган[1]. Олимнинг 2021-йилда Германияда нашр этилган „Ўзбекистонда маданий пахта турларининг замонавий навларини кўпайтириш“ монографиясида ўрта толали ғўзанинг C-6575, C-6580, C-6601 ва C-6602 навларини тезпишарлиги, тола чиқимини 40% ва ундан юқорилиги, пахта хома-ашё ҳосилдорлиги 50 сентнердан юқорилиги, тола сифати ИВ тип, қора илдиз чириши, Фусариум ва Вертиcиллиум касалликларга чидамлилиги назарий асослаб берган ва амалий жиҳатдан исботлаган. Олим тезпишарлиги 100-115 кун, ҳосилдорлиги 45 с/га, тола сифати 1-А типи ва тола ҳосилдорлиги 34-35% бўлган бир қанча ингичка толали гўза навлари яратган. Тҳ.басиcола қўзғатувчиси билан сунъий зарарланган фонларда биринчи марта фойдаланган ҳолда, шунингдек „дала-фитотрон-дала“ технологиясидан фойдаланиб, селексия жараёнини бир неча баробар қисқартирган ҳолда ингичка толали „Сурхон-104“, „Сурхон-105“, „Сурхон-106“ ва ўрта толали C-6577, C-6585 навларни яратган. Виктор Автономов ўз илмий фаолияти давомида генетика, биокимё, фитопатология соҳасидаги замонавий жаҳон ютуқларидан фойдаланиб, қора илдиз чириши ва гоммоз патогенлари билан сунъий йўл билан юқтирилган фонларни яратиш билан биргаликда селексия ва уруғчиликнинг тезлаштирилган схемасини ишлаб чиқди, шунингдек, у томонидан ишлаб чиқилган дала-фитотрон-дала технологияси, селексиянинг дастлабки босқичларида янги навларнинг соф, оригинал материалини ажратиб олиш ва яратиш имконини берди. Натижада ғўзанинг 40 га яқин янги навлари яратилиб, уларнинг барчаси маҳаллий, 5 таси хорижий патентлар билан ҳимояланган. Олим томонидан яратилган 9 та нав Ўзбекистон Республикаси давлат реестрига киритилган ва турли даврларда ишлаб чиқаришда кенг қўлланилмоқда, булар „Сурхон-9“, „C-6541“, „Наманган-34“, „C-6550“, Наманган-102, C-6565, C-6570, Сурхон-103 ва C-6575 навларидир. 2005-йилда „Шуҳрат“ медали билан тақдирланган[2]. 2011-йилда Ғўза селексияси ва уруғчилиги институти илмий кенгаши томонидан „Институтнинг йил олими“ деб топилди. 2016-йилда „Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил“ кўкрак нишони, 2021-йилда „Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси“ кўкрак нишони билан тақдирланган[1].