Виктор Антонович Жоржио (1907.29.9, Шахти, Ростов вилояти — 1974.1.1, Тошкент) — геофизик олим, география фанлари доктори (1944), профессор (1944). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1960), Ростов университетни тугатган (1930), Шимолий Кавказ метеорология бюросида, Ўрта Осиё обҳаво бюросида (1933—35), Ўрта Осиё университетида (1935—74) ишлаган. Ж. Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтининг назарий геофизика бўлимини ташкил этишда қатнашган ва ушбу институт директори (1947—1953). Асосий илмий ишлари Ўрта Осиё синоптик жараёнлари, ҳаво массалари ва фронтлари, динамик иқлимшунослик, изентропик таҳлил, авиация метеорологияси, синоптик жараёнларга статистикстохастик таҳлил усулини татбиқ этишга бағишланган. Т. А. Саримсоқов ва В. А. Бугаевлар билан ҳамкорликда Марков занжири назариясини бу соҳага татбиқ этган. У атмосферадаги тез ҳаво оқимларини текшириш мақсадида университетда махсус лаборатория ташкил этган (1960). Тошкент метеорология мактабининг асосчиларидан бири.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил