Viloyat
Вилоят — маъмурий-ҳудудий бирлик. Ўрта асрлардан маълум. Шарқнинг айрим мамлакатлари (Афғонистон, Туркия ва бошқа), шунингдек Ўрта Осиё хонликлари вилоятларга бўлинган. 1924-йил шўролар ўтказган миллий-давлат чегараланиши арафасида Туркистон АССР 6 вилоят — Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Закаспий (Туркманистон), Еттисув, Амударё вилоятлари, бир қанча уезд ва волостлардан ташкил топганди. ХХСР эса 3 вилоят ва Хива туманига, БХСР 15 вилоятга бўлинганди. Вилоят ўз навбатида туманларга, туман эса кешларга бўлинган. 1925-йил 13-январдан уезд деб юритила бошлади. Кейинчалик русча „област“ номи билан қайта ташкил этилди. Ўзбек тили давлат тилига айланиши муносабати билан тарихий маъмурий-ҳудудий бирлик номи сифатида „Вилоят“ сўзи қайта тикланди.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги (1992) Конституциясида (68-модда) Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан иборатлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳозир Ўзбекистон Республикасида 12 вилоят бор. Вилоятлар, ўз навбатида, туманларга бўлинади. Вилоятлар чегараларини ўзгартириш, шунингдек, янги вилоятлар ташкил қилиш, уларни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси розилиги билан амалга оширилади. Вилоятларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўйича ҳоким бошчилик қиладиган халқ депутатлари кенгаши ҳокимиятнинг вакиллик органидир. Бу кенгаш давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, ўз ваколатига тааллуқли масалаларни ҳал этади. Вилоят халқ депутатлари кенгаши ва вилоят ҳокимларининг ваколат муддати — 5 йил. Вилоят ҳокимлари Президент томонидан тайинланади ва лавозимдан озод қилинади ҳамда вилоят халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади. Вилоят ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширади, ўзлари раҳбарлик қилаётган органнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардир.
Яна қаранг
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Вилоятга тегишли иқтибослар мавжуд. |