Virusli gepatit
Вирусли гепатит – ўткир юқумли касаллик; жигар ҳужайраларининг зарарланиши, умумий интоксикация белгилари, тери ва шиллиқ қаватларнинг сарғайиши, пешобнинг тўқ сариқ ёки „пиво“га ўхшаш, нажаснинг оқимтир тусга (гилвата рангига) кириши, жигар, баъзан талоқнинг ҳам катталашиши билан ифодаланади. Вирусли гепатит деганда бир-бирига ўхшаш олти хил гепатит тушунилади, булар А, В, С, Д, Е, Г вируслари қўзғатадиган касалликлардир. Улар юқишига қараб оғиз орқали (А, Е) ва парентерал йўл билан юқадиган (Б, С, Д, Г) хилларга ажратилади. А ва Е вирусли гепатитларда вируслар беморнинг ахлати орқали ташқарига чиқади. Шунинг учун ахлат, сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, бемор фойдаланган буюм ва нарсалардан ифлосланиш жуда хавфли ҳисобланади. Парентерал йўл билан юқадиган Вирусли гепатитлар шприц, игна ва бошқалар тиббий асбобларни етарли зарарсизлантирмаслик оқибатида, шунингдек қон ва қон препаратлари қуйиш ҳамда турли тиббий муолажалар (гинекологик, стоматологик ва б.) вақтида юқиши мумкин. Вирусли гепатитлар даврий кечиши билан ҳарактерланади, унинг яширин, бошланғич, авж олган, орқага қайтиш ва соғайиш даврлари ажратилади. Касалликнинг яширин даври унинг турига қараб ҳар хил: А ва Е вирусли гепатитларда 7 кундан 60 кунгача, парентерал йўл билан юқадиган хилларида 2 ҳафтадан 6 ойгача, баъзан 1 йилгача давом этиши мумкин. Вирусли гепатитлар енгил, ўрта ва оғир, шунингдек асорациз ва асоратли, ўткир, сурункали ҳамда вақт-вақти билан қайталаниб турадиган шаклларда кечади; баъзан аралаш хиллари ҳам кузатилади. Ҳомиладор аёллар ва болаларда касаллик оғирроқ кечади. Вирусли гепатитларнинг шакли-шамойили турлича: гриппга ўхшаш, диспептик, астеновегетатив, артралгик аломатлар, аралаш синдромлар билан ҳамда латент (клиник белгисиз). Касаллик гриппга ўхшаб бошланганда бемор тўсатдан қалтирайди, эти увишади. боши оғрийди, ҳарорати кўтарилади, аъзойи бадани қақшайди, йўталади ва ҳоказо. Диспептик аломатлар билан бошланганида бемор кўнгли айниб қусади, меъда соҳасида бир оз оғриқ бўлади, баъзан ичи кетади; унинг мадори қуриб, иштаҳаси пасаяди, ўнг қовурғаси остида оғриқ пайдо бўлади. Астеновегегатив аломатлар билан бошланганда беморнинг боши айланади, оғрийди, кўп терлайди, ўта инжиқ, йиғлоқи бўлиб қолади. В.гларнинг бошланғич даври қандай синдром билан кечишидан қатъи назар, шу касалликка хос 3 белги кузатилади: 1) сийдикнинг пиво рангида бўлиши; 2) ахлат рангининг оқариши; 3) кўпчилик (деярли 90%) ҳолларда жигарнинг катталашиши.
Касалликнинг „сариқлик даври“ ҳам ўзига хос тарзда кечади. Кўз оқи сарғайиши билан Вирусли гепатит нинг авж олган даври бошланади; А шаклида бемор сарғайиши билан унинг аҳволи анча енгиллашиб тузалинқирайди. Парентерал йўл билан юқадиган Вирусли гепатитларда, оғиз орқали юқадиганларига нисбатан сариқлик даври узоқроқ чўзилади, бемор тезда тузалавермайди, дармони қурийди, кўнгли айнийди, баъзи ҳолларда бадани қичийди (холестатик хили). Вирусли гепатитларнинг хилига қараб унинг клиник аломатлари турлича намоён бўлиши мумкин: сариқсиз ўтадиган шаклида пигмент алмашинуви бузилмаганлиги сабабли бемор сарғаймайди, сийдиги ва ахлатининг ранги ўзгармайди, қонда билирубин миқдори меъёрида бўлади. Билинар-билинмас белгилар билан ўтадиган шаклида беморнинг кўзи қисқа муддат сал сарғаяди, билирубин миқсори ҳам тезда ўз аслига келади. Субклиник шаклида клиник белгилар деярли кузатилмайди, уни фақат лаб. текширувларидан билиш мумкин. Вирусли гепатитнинг вирус ташиб юрувчилик шакли анча мураккаб, у яширин ҳолда кечиб, бора-бора сурункали тус олади. Касалликнинг сурункали хили анча огир асоратларга (ўткир жигар энсефалопатияси, геморрагик, шиш-асситик синдром ва бошқалар) сабаб бўлиши мумкин.
Вирусли гепатит ташҳиси (диагнози) асосан бемордан олинган маълумотлар, касалликка хос аломатлар, қон таҳлили ва б. асосида қўйилади. Вирусли гепатитнинг бошланғич даври диспептик, катарал ва сохта ревматоид синдромларда кузатиладиган белгиларга ўхшаб кетганлиги боис, уни ана шу касалликлардан фарқлай билиш лозим.
Вирусли гепатитларнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига бекаму-кўст амал қилиш, касалликни ўз вақтида аниқлаб, беморни касалхонага ётқизиш ва у билан яқин бўлганларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда у тутган идиш-товоқ ва буюмларни дезинфексия қилиш муҳим. Касалхонадан чиққан беморлар маълум муддат диспансер назоратида бўлишлари лозим. Касалликнинг олдини олиш мақсадида А ва В гепатитларга қарши ваксинация қилинади (эмланади). У янги туғилган чақалоқларга, 2-марта эса 1 ойлигида тери остига юборилади. Реваксинация бола 6 ойлигида ўтказилади. Эмлаш натижасида 95% болаларда касалликка қарши иммунитет пайдо бўлади; эпидемиологик жараёнларга қараб катталарга ҳам ваксина юборилади, у биринчи бор қилингандан кейин орадан 1 ой ва 6 ой ўтгач қайта эмланади. Эмлаш натижасида иммунитет пайдо бўлиб, у 15— 20-йилгача сақланади ва касаллик тарқалишининг олдини олади, вирус ташувчилик ҳимояланади. Профилактика мақсадида болаларга гаммаглобулин (нормал иммуноглобулин) дан укол қилинади. Даволаш асосан беморнинг умумий аҳволи ва касалликнинг клиник белгиларига қараб олиб борилади; енгилроқ хилида деярли дори-дармонлар берилмайди, кун тартиби ва парҳезга (қаранг Парҳез билан даволаш) риоя қилиш тавсия этилади. Касалликнинг бошқа шаклларида ҳам парҳез ва кун тартибига амал қилишдан ташқари, глюкоза, витаминлар, тузли эритмалар, қон ҳамда плазма ва қон ўрнини босувчи суюқликлар, зарур ҳолларда гормонлар, антибиотиклар ва ҳоказо. буюрилади. Беморга витаминлар, углеводлар, оқсилга бой овқатлар, шунингдек турли мева шарбатлари берилади.
Яна қаранг
Манбалар
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |