Виверрасимонлар (Виверридаэ) - йиртқич сут эмизувчилар оиласи. Гавдасининг узунлиги 85 см гача, оғирлиги 8– 12 кг бўлган ҳайвонлар. Оёқлари калта, кўпинча 5 панжали, думи узун, битта турининг думи тутувчи типда. Баъзи В. анал тешиги олдида мускус ишлаб чиқарадиган ҳид безлари бор. 71 тури, 35 уруғи: генеталар, сиветалар, мангустлар, бинтурангалар, мунголар, сурикатлар, фоссалар ва б. маълум. Кичик, Ғарбий ва Жан. Осиёда, Африка ва Жан.-Ғарбий Африкада тарқалган. Ер устида, айрим турлари дарахтда яшайди. Кўпчилиги тунда фаол ҳаёт кечиради. Йилига 1 марта, баъзан 2 марта 1—6 тадан, кўпинча 2—4 тадан болалайди. Майда сут эмизувчилар, қушлар, судралиб юрувчилар, ҳашаротлар, баъзан мевалар билан озиқланади. Кўпчилик турлари мускуси учун овланади. 4 тури ва 1 кенжа тури Халқаро қизил китобга киритилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил