Волин вилояти — Украинанинг шимоли-ғарбидаги вилоят. 1939 йил 4 декабрда тузилган. Майдон 20,2 минг км2. Аҳолиси 1071 минг киши (1999), шаҳарликлар 49%. 11 шаҳар, 21 шаҳарча бор. Маркази — Луцк шаҳри.

Волин вилоятининг кўп қисми Полесе пасттекислигида, озроқ (жан.) қисми Волин қирларининг шимоли-ғарбида жойлашган. Фойдали қазилмалари: тошкўмир, торф, бўр, гил, қум, оҳактош, мергел. Иқлими мўътадил континентал. Июлнинг ўртача темпатураси 18,6°, январники −4,5°. Йилига 550-600 мм ёғин ёғади. Вегетация даври 200 кун. Дарёлари: Припятнинг бош қисми ва унинг ўнг ирмоқлари. Тупроғи чимли подзол ва қрратупроқ. Ҳудудининг ‘/5 кисми ўрмон, ‘/4 кисми ботқоқлик.

Озиқ-овқат (шакарқанд, гўшт), машинасозлик (автомобилсозлик, приборсозлик, қишлоқ хўжалиги машиналари, подшипниклар ва бошқалар) саноати етакчи ўринда. Лвов-Волин ҳавзасида кўмир қазиб чиқарилади. Ўрмон ва ёғочсозлик саноати корхоналаридан тахта тилиш заводлари (Суман. Заболоте, Киверси), ёғочсозлик (Киверси), мебел комбинати (Суман) ва кимё-ўрмон хўжаликлари (Луцк, Ковел), енгил саноат тармоқларидан тикувчилик ва поябзал фабрикалари (Луцк, Владимир-Волинский ва Ковел) бор. Донли экинлар (кузги буғдой, гречиха, арпа, маккажўхори), техника экинлари (қанд лавлаги, толали зиғир), сабзавот, картошка экилади. Сутгўшт чорвачилиги ва чўчқачилик асосий ўрин тутади. Қўй ва эчки ҳам боқилади. Стир дарёсида кема қатнайди.[1]

Манбалар

  1. ↑ "Волин вилояти" ЎзМЕ. В-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил