Волост (рус.) — Россияда уезд таркибига кирган қуйи маъмурий-ҳудудий бўлинма. Туркистонда бўлис, вўлис деб юритилган. Волост 1861-йилгача Россия ҳудудида давлатга ва монастирларга тегишли қишлоқ жойларида маъмурий-ҳудудий раён сифатида ташкил қилинган. 1861-йилги ислоҳотдан сўнг, Россиянинг ҳамма қишлоқ жойларида волост қуйи маъмурий-ҳудудий бирлик бўлиб қолган. Россия Туркистонни босиб олгандан сўнг, Туркистоннинг бутун ҳудуди (Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидан ташқари) област, уезд, волостларга бўлинган. Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли жойлар 5 област, 27 уезд ва 603 волостга бўлинган (1917). Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгандан сўнг (1925 йилда) Ўзбекистон ҳудудида 241 волост бўлган ва 1926-йилги иқтисодий-маъмурий раёнлаштиришга қадар сақланиб турган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил